Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати вилоятдаги саноат корхоналаридан газ узиб қўйилиши оқибатида 10 минглаб аҳоли ишсиз қолаётгани, улар газ улаб берилишини сўраб, кўчага чиқишаётгани айтилган видеохабар юзасидан муносабат билдирди.

29 ноябрь куни аҳолига табиий газни кўпроқ етказиб бериш мақсадида Ўзбекистон тумани «Шўрсув» МФЙда жойлашган Albus гипс ишлаб чиқарувчи заводи олдиндан тузулган шартнома шартларига биноан туман газ идораси томонидан газ қувуридан узилган.

6 декабрь куни заводнинг 20 нафар ишчилари юқоридаги ҳолатни нотўғри талқин қилиб, ўзбошимчалик билан жамоат тартибига қарши нозориликларни уюштирган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон туман ИИБ томонидан заводнинг жами 7 нафар ишчиcига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) ҳамда 201-моддаси (Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) билан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суд органига тақдим қилинган.

Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман суди 7 декабрь куни ҳуқуқбузарларнинг 1 нафарига 10 сутка, 6 нафарига 5 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.