Ички ишлар тизимидаги ходимларнинг 5−7 фоизини ортиқча вазнга эга кадрлар ташкил қилади. Уларнинг қатъий рўйхат асосида мунтазам равишда машғулотлар олиб борилиши йўлга қўйилган. Бу ҳақда ИИВ Касбий тайёргарлик бошқармаси бошлиғи, полковник Умид Нуруллаев «Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов билан суҳбатда таъкидлаб ўтди.

Умид Нуруллаевнинг таъкидлашича, ЖССТ томонидан семизлик бўйича тўртта даража белгиланган. Мазкур даражага кирадиган ички ишлар органлари ходимлари билан ишлаш алоҳида ташкил қилинган.

«Таҳлилларга кўра, антропометрик кўрсаткичлари юқори бўлган ходимларнинг бир қисми пандемиядан сўнг гормон билан даволанганлар, яна бир қисми эса семизликка мойил бўлганлардан иборат. Семизликка мойиллиги бор ходимлар 40−55 ёш оралиғидаги кадрларни ташкил этади. Бундан ташқари, айрим аёл ходимларимизда туғруқ давридан кейин семириб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда. Ҳозирги кунда антропометрик кўрсаткичга эга бўлган ходимлар шахсий таркибнинг тахминан 5−7 фоизни ташкил қилади», — деди у.

Унинг қўшимча қилишича, антропометрик кўрсаткичга эга ходимлар хизмат ўтаётган вақтида ўз вазифасини бажаришга қийналади, ортиқча вазни тўсқинлик қилади.

«Шунинг учун уларни хизматдан тўлиқ ажратган ҳолда мавсумий ўқув йиғинлари, ҳафтада икки маротаба даволаш-соғломлаштириш гуруҳларида мутахассислар иштирокида машғулотлар ўтказамиз. Бу жараёнларга диетологлар ҳам жалб қилинмоқда. Натижада, ортиқча вазнга эга ходимлар сони йилдан-йилга камайиб боряпти. Жорий йилги кўрсаткичларимиз ўтган йилга нисбатан 15 фоизга камайишига эришилди», — деди ИИВ вакили.

Умид Нуруллаевнинг қайд этишича, бу борада тизимда қатъий чоралар кўриляпти. Хусусан, антропометрик кўрсаткичлари юқори ходимларга махсус унвонлар берилмаяпти, юқори лавозимга тайинланмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йили ИИВ кадрлар бўлими бошлиғи Фарид Абдиев ички ишлар тизимидаги белгиланган нормадан ортиқча вазнга эга бўлган ходимлар алоҳида рўйхатга олингани, уларга ўз вазни устида ишлашлари учун барча керакли шароитлар яратилгани, ҳар бири огоҳлантирилгани, овқатланиш бўйича тавсиялар берилганини таъкидлаган эди. Шунингдек, у ўз устида ишламаган ва ортиқча вазнини етарли меъёрга туширмаган ходимлар янги йил чорагида аттестациядан ўтказилиши, уларнинг тизимда ўз фаолиятини давом эттириш ёки давом эттирмаслик масаласи ҳал этилишини айтганди.