Ўзбекистон энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев Янги йил байрами кунида электр бўйича муаммо бўлмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Энергия ресурслари тақчиллиги бўйича кўп муҳокама қилинаётган саволларга жавоб қайтарган вазир байрам кунлари, хусусан, янги йил байрамида электр энергиясига бўлган талаб сезиларди даражада пасайишини қайд этди.

«Чунки таълим муассасалари, ишлаб чиқариш корхоналари ўз фаолиятини вақтинча тўхтатади. Бу орқали мавжуд электр энергиясининг асосий қисми аҳолига ва айрим ижтимоий соҳа объектларига йўналтирилади. Ўйлайманки, янги йил байрамида электр бўйича муаммолар юзага келмайди», — деди мутасадди.

У агар жойларда авариявий ҳолатлар юзага келадиган бўлса, туну кун ишлайдиган ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилгани ва ҳар қандай локал муаммолар тезкорлик билан бартараф этилишини гапириб ўтди.

Ноябрь ойида ҳам бугунгидек бир қатор ҳудудларда электр таъминотида узилишлар кузатилди. «Бунга иссиқлик электр станцияларида (мамлакатдаги барча электр энергиясининг қарийб 90 фоизи ишлаб чиқариладиган) газ таъминоти камайгани сабаб бўлди», — дейилади Энергетика вазирлиги хабарида. Миллий диспетчерлик маркази Ўзбекистон айби билан Марказий Осиё энергетика тизимида авария содир бўлмаслиги учун ҳудудий корхоналардан энергия сарфини камайтиришни сўради.

Аввалроқ Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Ўзбекистонда энергия таъминотидаги узилишларга изоҳ бериб, ҳозирги об-ҳаво шароитида режали, тизимли чекловлар киритган ҳолда вазиятдан чиқиб кетилмаса, бунданда жиддийроқ талофатлар кўрилиши мумкинлигини таъкидлаганди.