Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида АИ-80 маркали бензиннинг суткалик ишлаб чиқариш ҳажми 850 тоннадан 1000 тоннага, суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажми эса 30 тоннадан 50 тоннага оширилмоқда, дея хабар қилди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, бу борадаги ишлар республика аҳолисининг энергия ресурсларига ортиб бораётган эҳтиёжларини қондиришга қаратилган.

Ушбу режаларни амалга ошириш мақсадида ФНҚИЗда бензин ва суюлтирилган углеводород гази ҳажмларини оширишга қаратилган тизимли ишлар ташкил этилди.

«Хусусан, углеводород хомашёсини бирламчи қайта ишлашни ўрнатишдан аввал углеводород хомашёсининг керакли таркибини танлаб, заводнинг ишлаб чиқариш қувватларини юклашнинг оптимал схемаси аниқланди. Шу билан бирга, Aspen Unified PIMS дастурий ечими асосида ФНҚИЗда ишга туширилган оптималлаштирилган режалаштириш модели имкониятларидан фойдаланилади», — дейилади хабарда.

Режалаштирилган кўрсаткичлар бажарилиши устидан доимий мониторинг олиб бориш ва муаммоларни тезкор ҳал этиш учун ФНПЗ буйруғи билан корхона ва ишлаб чиқариш цехлари раҳбарларидан иборат тезкор штаб тузилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда кузатилаётган совуқ об-ҳаво шароитида биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий объектларни табиий газ билан таъминлаш мақсадида автомобилларга газ қуйиш шохобчалари фаолиятига чекловлар киритилган. Тошкент шаҳри ва Фарғона водийси вилоятларида эса метан «заправка»лар бутунлай ёпилган. Бу ҳолат, ўз навбатида, бензинга бўлган талабни оширди. Тармоқларда АЁҚШларда бензин нархлари ошгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди. Бироқ «Ўзбекнефтгаз» бир неча бор бензин нархлари ошганини рад этди. Антимонополия қўмитаси эса бензин нархини сунъий равишда оширганларга чора кўрилишинидан огоҳлантирди.

Энергетика вазирлиги эса нархни оширган ва сифатсиз маҳсулот сотган 299 та АЁҚШга бензин етказиб бериш тўхтатилганини маълум қилди.