Ички ишлар органлари ходимлари Тошкентда яшаб, ишлайдиган журналистларнинг ижтимоий тармоқларда ёзган постлари ва изоҳлари учун уларнинг вилоятларда истиқомат қиладиган ота-оналарини безовта қилди. Шундай ҳолат, хусусан, «Газета.uz» мухбири Шоҳрух Ҳайдаров билан содир бўлган.

Шоҳрух Ҳайдаровнинг маълум қилишича, 9 декабрь куни тонгда унга нотаниш эркак қўнғироқ қилиб, ҳозир унинг ота-онаси яшайдиган уйга келганини, Шоҳрухнинг ўзи қаерда экани, қачон уйга келишини сўраб, у билан гаплашиб олиши кераклигини айтган. «Тинчликми, ким ўзи бу, десам, ИИБ тергов-қидирув бўлимиданман, Facebook’да бир изоҳ қолдирибсан, шунга, дея жавоб қайтарди», — дейди Ҳайдаров.

Фото: Shohruh Haydarov / Facebook

«Ана бошланди буёғи. Бечора онам бу нарсаларни у қадар тушунмайди, қон босими кўтарилиб кетибди. Отам хавфсираб алоҳида телефон қилдилар такрор. Хуллас, кап-катта йигит кишининг уйдагиларини тинчини бузишди, саломатлигини хавфга қўйишди. Кулгулиси, ИИО ходими бўла туриб, қаерда ўқишимни билмас экан, ваҳоланки буни профилимда ҳам ёзиб қўйганман катта қилиб», — деб ёзади у.

Шоҳрух Ҳайдаровнинг таъкидлашича, ўзини ИИО ходими деб таништирган шахс гап қайси изоҳ ҳақида кетаётганига аниқлик киритмаган, лекин кимнинг пости остида қолдирилганини айтган. «Дўсту яқинларим сиёсатга, бировнинг ҳаётига хавф соладиган изоҳ ёзмаслигим, тасдиқланмаган маълумот тарқатмаслигимни яхши билишади… Кимдир изоҳ берадими, акалар?», — деб мурожаат қилган журналист.

Шунингдек, Шоҳрух Ҳайдаров ижтимоий тармоқларда ёзилган изоҳ учун «алоҳида чақиртириш» тартиби бор-йўқлиги ҳақида қаердадир ёзилган-ёзилмаганига ҳам қизиққан. Журналистнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, ИИО ходими суҳбат якунида «дам олиш кунлари уйга қайтсанг, телефон қилгин, гаплашиб оламиз», деб таъкидлаган.

Бир кун аввал шунга ўхшаш ҳолат журналист Инобат Аҳатова билан содир бўлган. Унга кўра, онаси туман ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига чақиртирилиб, унга қизининг Facebook’да ёзиб қолдирган постлари ҳақида «нега бундай ёзди, бу постида нега бунақа деган» каби саволлар берилган. Саволлар «соқол, диний мавзудаги фикрлар» ҳақида бўлган, аммо, журналистнинг қайд этишича, у бу мавзуларда «деярли умуман ёзмайди».

Фото: Inobat Ahatova / Facebook

«Мен ҳозир 27 ёшдаман. Ўз ҳаракати, гапи учун ўзи жавоб бериши керак бўлган, муомала лаёқатига эга фуқароман. Ёши улуғ, мен учун саломатлиги ҳамма нарсадан қадрли бўлган ота-онамни бошқа овора қилманглар, бирор нарсани аниқлаштирмоқчи бўлсангиз, ўзимдан сўранг», — дея қўшимча қилган Инобат Аҳатова. «Бу иш орқали ота-онам ва менга руҳий босим қилмоқчи бўлишдими?», — деб савол қўйган журналист, 2022 йилги Конституция куни унинг хотирасида мана шундай хавотир билан эсда қолганини таъкидлаган.

Журналистлар билан содир бўлган бундай ҳолатларни жамоатчилик фаоллари қораламоқда. Хусусан, блогер Шаҳноза Соатова юз берган ҳолатни «ғалати» деб атаган. «Бу нима — англашилмовчиликми, ўзбошимчаликми, атай қилинган ишми, вояга етган инсоннинг сўзлари учун онасидан сўроқ сўраш қайси мантиқ ва қонунга кўра амалга оширилган — шу каби саволларга жавоб керак», — дея таъкидлаган у.

«Газета.uz» ушбу ҳолатлар юзасидан ИИВга сўров юборди. Вазирлик матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов текшириб, ҳолати бўйича маълумот беришини қайд этди.