9 декабрь куни АОКАда Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова, ССВ Даволаш профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бош бошқармаси бошлиғи Умид Рисқиев, РШТЁИМ директори Дониёр Алимов, Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоит Ғофуров, ССВ ахборот хизмати раҳбари Фурқат Санаев иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида соҳада амалга оширилган ишлар юзасидан батафсил маълумот берилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизматихабар қилди.

Маълум қилинишича, 2022 йилнинг 11 ойи давомида «103» хизматига жами 11 735 450 та чақириқ келиб тушди. Бунда энг кўп мурожаатлар ҳудудлар кесимида:

  • Фарғона вилоятида — 1 366 853 та;
  • Андижон вилоятида — 1 269 113 та;
  • Тошкент шаҳрида — 1 155 053 та;
  • Тошкент вилоятида — 1 151 757 та;
  • Наманган вилоятида — 1 095 444 тани ташкил этди.

Шунингдек, январь-ноябрь ойларида «103» хизматига жами 4 911 та ёлғон чақириқ келиб тушди. Мазкур кўрсаткични ўтган йилнинг айни шу даври билан таққосласак, асоссиз мурожаатлар сони 1,5 баробарга камайган.

Шу билан бирга, йил давомида «Тез ёрдам»да фаолият юритаётган шифокорлар сони 13 минг 798 нафарни ташкил этиб, таъминланганлик даражаси 90,7 фоизга етди. Шунингдек, тизимда меҳнат қилаётган ўрта тиббиёт ходимлари сони 29 минг 156 нафарни ташкил қилмоқда.

Маълумот учун, 6 ой ичида республикада «Тез ёрдам» хизматига 6,2 млн дан зиёд чақириқ келиб тушганди. Учинчи чорак якуни бўйича бу кўрсаткич 9,6 млнга етганди.