«Қандай қилиб Хитой университетларига ўқишга кириш мумкин?»

Талаба Ҳожиакбар Холматов ҳикояси
2019 йилда Ҳожиакбар Холматов Хитойга ўқиш учун жўнаб кетди. Уйидан олисда ўтказган тўрт йил мобайнида у хитой тилини ўрганди, мамлакатнинг энг яхши университетларидан бирига грант асосида ўқишга кирди ва 20 та шаҳарга борди. «Хориж дипломи» лойиҳаси доирасида ундан Хитой таълим тизими ва талабалар ҳаёти ҳақидаги таассуротлари ҳақида сўрадик.
2019 йилда Ҳожиакбар Холматов Хитойга ўқиш учун жўнаб кетди. Уйидан олисда ўтказган тўрт йил мобайнида у хитой тилини ўрганди, мамлакатнинг энг яхши университетларидан бирига грант асосида ўқишга кирди ва 20 та шаҳарга борди. «Хориж дипломи» лойиҳаси доирасида ундан Хитой таълим тизими ва талабалар ҳаёти ҳақидаги таассуротлари ҳақида сўрадик.
Хориж дипломи
«Хориж дипломи» — бу дунёнинг турли мамлакатларига ўқишга кетган ўзбекистонлик талабаларнинг ҳикояларидан иборат лойиҳадир. Улар университет ва грантлар топиш, имтиҳонларга тайёргарлик кўриш, ҳужжатлар топшириш, хорижда ўқиш ва яшашнинг ўзига хос хусусиятлари, шунингдек, хориждаги таълимнинг уларнинг ҳаётига таъсири ҳақида сўзлаб беришади.

Лойиҳанинг иккинчи сони меҳмони Ҳожиакбар Холматов бўлди. 2019 йилда у Вэйфан шаҳрига хитой тилини ўрганиш учун кетди. Икки йил ўтгач, мамлакатнинг энг яхши 30 та университети қаторига кирувчи Марказий Жанубий Университетига (Central South University — CSU) грант асосида ўқишга кирди.

Чет элда ўқиш орзуси ҳақида


2017 йилда Фарғона юридик коллежини тамомлаганман. Курс тугаши арафасида менда чет элда ўқиш истаги пайдо бўлди. Бу истак саёҳатларга бўлган севгидан туғилган. Ёшликда дунёни кўриш кераклигини англаб етдим — шунда кейинчалик эслайдиган воқеалар бўлади. Шу пайтгача Қозоғистон, Қирғизистон ва Россияни кўришга муваффақ бўлгандим ҳамда жўғрофияни кенгайтиришни режалаштираётгандим. Чет элда ўқиш менга ёқимли машғулотни фойдалиси билан бирлаштириш имконини берди.

Бир дўстимнинг маслаҳати билан Руминия дастури бўйича давлат грантига ҳужжат топширдим, лекин инглиз тилини яхши билмаслигим сабабли рад жавобини беришди. Тилни яхши билмасам, бошқа давлатларга кетиш қийинлигини англадим ҳамда 2018 йилни ўз-ўзимни ривожлантириш ва инглиз тилини ўрганишга бағишладим. Бўлғуси харажатларимни ўзим қоплашим учун ишладим ҳам. Кейинги йили яна уриниб кўришга, бироқ бу сафар Хитойга, дўстим Саидмалик билан бирга ўқишга топширишга қарор қилдим.
Университетга кириш учун хитой тилини камида таянч даражада билиш керак. Шунинг учун Хитойнинг деярли барча университетларида очилган тил курсларига ёзилдик. Бу барча чет элликлар учун мажбурий босқичдир, чунки инглиз тилидаги дастурлар умумий миқдорнинг атиги 30 фоизини ташкил этади. Хитой тилида ўқиш икки сабабга кўра янада истиқболли: танлаш учун кўпроқ дастурлар ва келажакда ишга жойлашиш осонроқ бўлади.
Қоидага кўра, тайёрлов курсларига имтиҳон талаб қилинмайди, чунки улар пулли ҳисобланади. Ўртача нархи 2500 дан 5000 долларгача. Одатда, университет қанчалик оддийроқ бўлса, курс шунчалик арзон бўлади.
Талабалар портфолио асосида қабул қилинади. Зарур ҳужжатларнинг тўлиқ рўйхатини танланган университет ёки ишончли ихтисослашган агентликлар сайтидан топиш мумкин. Иккинчи ҳолатда танлашда эҳтиёткор бўлган яхши, чунки баъзилар тақдим этилган хизматлар учун нархларни ошириб юборади ёки шунчаки фирибгарлар қўлига тушиб қолишингиз мумкин.

Мен ҳужжатларни ўзим тўплаганман. Бунга бир ҳафта кетган.
Ўқишга топшириш учун керак бўладиган ҳужжатлар
1
11-синфни тугатганлик тўғрисидаги ўрта мактаб аттестати ёки коллеж дипломи
Баҳолар ҳеч нарсани ҳал қилмайди, деб ўйламанг. Комиссия биринчи навбатда академик натижаларга қарайди.
2
Тиббий саломатлик тўғрисидаги маълумотнома
Келажакда ушбу ҳужжат билан талабага тиббий суғурта берилади. Товон пули миқдори якка тартибда танланади.
3
Судланмаганлик тўғрисидаги маълумотнома
4
Курс тўлови учун банк ҳисобидан кўчирма
Бу талабанинг молиявий ҳолатини тасдиқловчи маълумотнома. Менинг ҳолатимда ҳисобимда камида 3000 доллар бўлиши талаб қилинган.
5
Чет тилини билиш сертификати
Мажбурий бўлмаган банд, лекин қабул қилиш имкониятини оширади.
Икки ҳафта ўтгач, саралашдан ўтганимни айтишди, лекин оилавий сабабларга кўра, кета олмадим. Саидмалик ҳам ўтди. У кетишга муваффақ бўлди. Хитойда ўқиб юрган чоғида у талабалик ҳаёти ҳақидаги тафсилотларни мен билан ўртоқлашди, бу эса мени янада рағбатлантирди.
реклама
реклама
2019 йил апрель ойи охирида яна ариза топширдим ва май ойида натижаларни олдим. Одатда натижалар ва ўқишга таклифнома почта орқали уй манзилига юборилади. Ушбу хизмат 100-150 доллар туради. Бир дўстимдан сўрадим — у таътилга чиққан ва Ўзбекистонга кетмоқчи бўлиб турганди. Бу ҳам арзон, ҳам ишончлироқ бўлиб чиқди — хат почтада йўқолиши ҳам мумкин эди.

Ёз ўрталарида виза олиш учун элчихонага мурожаат қилдим. Суҳбатдан ўтдим. 5 август куни виза олганимдан кейин Хитойга учиб кетдим.
Чаншадаги қадимий шаҳар реставрацияси
Дўстимдан ўрнак олиб, Шаньдун провинцияси Вэйфан шаҳридаги университетни танладим. Менимча, кичик шаҳарлардан бошлаш яхшироқ. Кузатувларимга кўра, у ерда меҳрибонроқ ва очиқ юзли одамлар яшайди. Маҳаллий аҳоли хорижликларни самимий кутиб олишса ва ҳар доим ёрдам беришга тайёр бўлса, мослашиш жараёни анча яхши кечади. Бундан ташқари, шаҳар шовқин-суронидан узоқда менталитетга ва бутунлай ўзгача ҳаёт тарзига кўникиш осонроқ.

Келганимда дуч келган биринчи қийинчилик, бу — тилни тушунишдаги қийинчилик эди. Пекинга қўнганимдан сўнг инглиз тилида гаплашишга ҳаракат қилдим, аммо хитойликлар бу тилда деярли гапиришмайди. Чипта сотиб олиш ва шаҳримга поездда бориш учун кўрсаткичларга амал қилишимга тўғри келди. Имо-ишоралар билан тушунтириб, адашиб қолмаслик умидида оломонни кузатиб борганим ёдимда. Шунинг учун хитой тилини биладиган одам билан сизни кутиб олишини олдиндан келишиб олганингиз маъқул экан.

Пекиндан Вэйфангача бўлган масофани тезюрар поездда 4,5 соатда босиб ўтдим. Саидмалик мен билан учрашиб, Вэйфан бўйлаб қисқа экскурсия қилди. Шаҳарни ҳақли равишда Хитой маданияти омбори деб аташ мумкин: бу ерда кўплаб ибодатхоналар ва анъанавий боғлар мавжуд.

Аслида тақдир тақозоси билан Саидмалик мендан бир йил олдин кетганидан жуда хурсанд бўлдим. У менга янги жойга кўникишим ва ётоқхонага жойлашишимда ёрдамлашди. Аввалига битта хонада яшадик, кейин алоҳида хона беришди.

Хитой таълим тизими ҳақида


ОТМларга ўқишга топширишда HSK сертификати (она тили бўлмаганлар учун ягона хитой тили тести) сўралади. Хитой тилида тилни билиш даражаси олти даражага бўлинган. Университет одатда тўртинчидан бошлаб қабул қилади. Агар тилни билишни тасдиқловчи ҳужжат бўлмаса, тайёргарлик курсларида ўрганиш керак. Хитой тили дунёдаги энг қийин тиллардан бири ҳисобланади, шунинг учун уни нолдан ўрганиш бир ярим йилдан икки йилгача вақтни олади.

Курсларда ўқиётганда ҳаёт эртакдагидек туюларди. Бизга 8:00 дан 11:30 гача фақат икки парадан дарс ўтишди. Ҳафтада беш кун ўқидик. Қолган вақтларда бўш эдик.

Бизни тил билиш даражамизга қараб гуруҳларга бўлишди. Дарс инглиз тилида олиб борилди, лекин кейинчалик ўқитувчилар фақат хитой тилида гапирадиган бўлди. Барча машғулотлар ё тил, ёки хитой маданиятини ўрганишга бағишланарди.
Цингдао порт шаҳри манзараси
ОТМдан олдинги тайёргарлик якунида имтиҳон ўтказилади. У уч қисмдан иборат. Энг кўп 300 балл тўплаш мумкин, бунда нуфузли университетларга кириш учун камида 200 балл тўплаш талаб этилади. Якуний имтиҳонларда тўплаган баллар ва давоматга қараб, абитуриентга бакалавриатда ўқиш харажатлари тўлиқ ёки қисман қопланиши, шунингдек, яшаш харажатлари ва стипендия тўланиши мумкин.
Ҳужжатларни қабул қилиш январдан бошланиб, июлгача давом этиши мумкин — бу университетга боғлиқ. Мен бир нечта университетларга ҳужжат топширдим, улар қайси фанларга ихтисослашганини кўриб чиқдим. Якунда Хитойда етакчи ва ривожланаётган йўналишларидан бири — IT-соҳасини танладим. Марказий Жанубий Университетда компьютер технологиялари мактаби энг кучли йўналиш ҳисобланади, шунинг учун уни афзал кўрдим.
Таълим жуда қиммат — йилига 3000-5000 доллар бўлгани учун грантга киришга интилдим, шу сабабли икки марта тил имтиҳонини топширдим. Биринчи марта 252 балл тўпладим. Шу етади деб ўйлагандим, лекин қабул комиссиясидан қўнғироқ қилиб, текин ўқишим учун саккиз балл етмаганини айтишди. Март ойида такрорий имтиҳон учун тахминан 100 доллар тўладим ва 260 балл тўплашга муваффақ бўлдим.

Бироқ тил сертификатининг ўзи етарли эмас эди. Икки ёки учта ихтисослашган фанлардан кириш имтиҳонларини топшириш ҳам керак, менинг ҳолатимда улар оғзаки тарзда ўтказилди. Муваффақиятли суҳбатдан сўнг, мени бюджетга қабул қилишди — университет ўқиш, турар жой ва тиббий суғурта харажатларини қоплайди.
реклама
реклама
Ҳунань провинциясининг Чанша шаҳрига 10 сентябрь куни келдим. 20 кун давомида университет ҳаёти билан танишдик, шунинг учун ўқишим 1 октябрга келибгина бошланди.

Хитойда ягона таълим тизими мавжуд. Бакалавр дастурлари тўрт йил давом этади, аммо тиббиёт, архитектура ва муҳандислик каби баъзи дастурлар беш йил ёки ундан кўпроқ вақтни олади. Ўқув йили икки семестрга бўлинади: сентябрдан январгача ва мартдан июлгача. Таътил икки ой давом этади. Шунингдек, тақвимда кўплаб байрамлар ва шунга мос равишда дам олиш кунлари мавжуд. Дарс жадвали ва ўқув режасини талабанинг ўзи тузади. Ўрганилаётган фанлар тўрт тоифага бўлинган.
1
Умумий мажбурий курслар
Танланган йўналишга тўғридан-тўғри боғлиқ бўлган фанлар. Уларни рад этиш мумкин эмас ва албатта қатнашиш керак.
2
Мутахассислик бўйича мажбурий фанлар
Танланган йўналишларга билвосита боғлиқ бўлган фанлар. Уларни хоҳишга қараб алмаштириш ёки тўлдириш мумкин.
3
Ўз соҳаси бўйича ихтиёрий фанлар
Фанларни ихтиёрий танлаш мумкин. Улар орасида илмийлари (дастурлаш, робототехника) ҳам, гуманитарлари (тил ўрганиш, маданият, сиёсат) ҳам бор.
4
Талабанинг танловига қараб ҳар қандай соҳадаги курслар
Шахсий қизиқиш ва иштиёққа қараб исталган бирини танлаш мумкин.
Ҳар бир фан бир балдан беш балгача беради — бу ерда улар кредитлар деб аталади. Талаба ўрганилаётган ҳар бир фан бўйича муайян миқдордаги кредитларни тўплаши ҳамда оғзаки ёки ёзма тарзда имтиҳон топшириши керак. Университетни тамомлаётганда тўпланган кредитлар ҳисоб-китоб қилинади. Улар йўналишлардан келиб чиққан ҳолда ўртача 130-170 ни ташкил этиши керак. Тўпланмаган тақдирда, зарурий курсни қайтадан ўқимас экан, талабага диплом берилмайди.
Менинг университетим Хитойдаги энг яхши 30 та ОТМ қаторига киради, шунинг учун бизга қўйиладиган талаблар анча қаттиқроқ. Университетни тамомлаш учун 178 кредит тўплаш керак. Шунингдек, беш кунлик ўқув дастури ўтилган мавзуларни мустаҳкамлаш учун амалий машғулотлар билан тўлдирилади, ўқитувчилар уларни шанба ёки якшанба кунлари қўйишлари мумкин. Ҳафталик дарслар эрталаб соат 8 да бошланади ва 20:00 да тугайди. Ўртада тушлик учун танаффус мавжуд.
реклама
реклама
Хитойда давомат жуда қаттиқ назорат қилинади. Узрли сабабсиз дарс қолдиргани сабабли талаба имтиҳонларга қўйилмаслиги ёки ўқишдан четлаштирилиши мумкин. Барча эътибор баъзи ташқи омилларга эмас, балки таълим сифатига қаратилади. Эҳтимол, Ўзбекистон ОТМлари шуни ўрганиши керак. Университетимнинг нуфузига қарамай, дарсга шортикда кела оламан ва профессор билан битта тушлик дастурхонида ўтиришим мумкин. Ўйлайманки, Ўзбекистонда буни ҳатто тасаввур ҳам қилиб бўлмайди.
Цингдао порт шаҳри тасвири

Хитойдаги талабалик ҳаёти ҳақида


Университет марказида жойлашган ётоқхонадан ўқув хоналаригача пиёда ярим соатча вақт кетади, шунинг учун кўпчилик, жумладан мен ҳам велосипедда қатнайман. Ҳудуди шунчаки катта. Бу ерда талабаларнинг кун бўйи университетда бўлишлари учун барча шароитлар яратилган. Озиқ-овқат учун узоққа бориш шарт эмас — бу ерда кўплаб дўконлар ва талабалар кафелари бор, уйғур ва дунган таомлари ватандошлар орасида айниқса машҳур. Ҳар бир олий ўқув юртида одатдаги ошхоналардан ташқари ҳалол таомлар бўлими ҳам мавжуд.
Талабалар бўш вақтларида дарсдан ташқари машғулотлар ва тил курсларига қатнашади. Шунингдек, театр, мусиқа, рақс, чизмачилик ва бошқа санъатлар бўйича турли тўгараклар учун рўйхатдан ўтиш мумкин. Шунингдек, талаба ўз тўгарагини ташкил қилиши ҳам мумкин. Масалан, мен фотография билан шуғулланаман ва университетимиздаги фотографлар гуруҳи аъзосиман. Университет барча зарур жиҳозларни тақдим этади. Биз улардан истаган вақтда фойдаланишимиз мумкин. Бунинг учун олдиндан ариза ёзиш кифоя. Талабаларнинг ҳар қандай ташаббуси университет раҳбарияти томонидан рағбатлантирилади.

Спортга катта эътибор қаратилади. Университет ҳудудида бир нечта футбол стадионлари, баскетбол майдончалари, теннис кортлари, бепул бассейн ва бошқалар мавжуд. Мен тез-тез футбол ўйинларида қатнашаман. Ҳар бир факультет ўз жамоасини илгари суради ва бир-бири билан рақобатлашади. Спортга бўлган қизиқишни ошириш ва жамоавий руҳни мустаҳкамлаш мақсадида — ҳар йили талабалар ўртасида спорт мусобақалари ўтказилади.
Ғолибларга нафақат кубок ва медаллар, балки пул мукофотлари ҳам берилади. Хитойда чет эллик талабаларга ишлаш тақиқлангани учун мусобақаларда қатнашиш — пул ишлаб олиш учун яхши имконият. Айрим талабалар норасмий равишда ишлашади, бироқ ўз ўрнини йўқотиш хавфи бор.
Аълочилар ва бюджетда ўқийдиганларга ҳар ой стипендия берилади. Қанча яхши ўқисангиз, шунча кўп оласиз. Менинг стипендиям 300-350 долларни ташкил этади. Бу пул фаровон яшашга тўлиқ етади. Агар овқатни ўзингиз тайёрласангиз ва тежашга ҳаракат қилсангиз, йиққан-терганларингизнинг бир қисмини мунтазам уйга жўнатиб туришингиз ҳам мумкин.
Мен эса ўз жамғармаларимни саёҳатларга сарфлайман. Уч йил ичида Хитойнинг 20 та шаҳрида бўлдим, айримларига эса бир неча марта бордим. Хонамда сафарларим давомида олинган фотосуратлар ёпиштирилган стенд осилган туради. Менинг энг севимли масканим — Сариқ денгиз соҳилидаги Циндао порт шаҳри. Бир томонда осмонўпар бинолари бўлган замонавий саноат шаҳри бўлса, бир томонда эса европача қасрлари бор улкан яшил парк жойлашган.
Кўчиш билан ички муҳитим ўзгарди. Маҳаллий аҳоли ва чет элликлар билан мулоқот дунёқарашимга катта таъсир кўрсатди. Оиладан узоқда бўлган ҳаёт менга мустақилликни ўргатди. Мен дунёдаги энг қийин тиллардан бирини ўзлаштириб олдим ва мамлакатимизда талаб катта бўладиган IT соҳасида билим оляпман. Ўқишни тугатгандан кейин қайтиб кетмоқчиман. Чет элда ўқиш, албатта, ажойиб, лекин ватаннинг ўрни бошқа.
Чет элга ўқишга киришни хоҳлаганларга ўз мақсади сари интилишни маслаҳат бераман. Сийқаси чиққандек кўриниши мумкин, лекин чет элда ўқишни истасангиз, ҳеч қачон таслим бўлманг. Мен фақат учинчи йили кетишга муваффақ бўлдим ва бу ишим ҳар қандай муваффақиятсизликларга қарамай, синаб кўриш кераклигига мисолдир.

Бу ерга аллақачон келганлар учун айтмоқчиман: мақсадингиз, нима учун бу ердалигингизни ёдингизда тутинг. Хитойда хорижликларга жуда илтифотли муносабатда бўлишади, буни суиистеъмол қилманг. Унутманг, сиз халқнинг юзисиз ва сизларга қараб давлатимизга баҳо беришади, шу боис унинг учун муносиб вакили бўлинг.
Материални Фарзона Ҳамидова тайёрлади, Санжар Саид таржима қилди.
Иллюстрация: Элдос Фозилбеков / «Газета.uz».
Фотосуратлар Ҳожиакбар Холматовнинг шахсий архивидан олинди.

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.



Сиз бирор қизиқарли воқеани биласиз ва уни бутун дунё билан баҳам кўрмоқчимиз? Ундай бўлса, ҳикояларингизни photo@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг