Президент қарорига кўра, 1 декабрдан ҳайдовчилар қоидабузарлиги учун жарима балларни ҳисоблаш бошланиши хабар қилинганди. ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ушбу тизим 1 декабрдан тест режимида ишга тушганини маълум қилди. Бироқ янги тизим тўғрисида жамоатчилик, хусусан, ҳайдовчилар ўртасида у қандай ишлаши ва уни онлайн кутазиб бориш мумкин ёки йўқлиги ҳақида саволлар туғилди.

Шуни инобатга олиб «Газета.uz» ЙҲХХ бошлиғи Олим Саидов билан суҳбатлашиб, мазкур тизим ҳақида қўшимча маълумотларни олди.

— Жарима баллари қандай ҳисобланади?

— Жарима баллари қоидабузарлик учун белгиланган жарима пули, аниқроқ айтилса, базавий ҳисоблаш миқдорига қараб белгиланади. Бунда БҲМнинг 1 бараварига (ҳозирги кунда 300 минг сўм) 0,5 балл берилади.

Бир қоидабузарлик учун максимал 5 балл ҳисобланиши мумкин. Балларни ҳисоблаш биринчи қоидабузарлик содир этилган санадан бошлаб, бир йил давомида олиб борилади.

— Жарима балларини қандай кузатиб борса бўлади?

— Жарима балларини ҳайдовчилар мобил илова орқали кузатиб боришлари мумкин бўлади.

Тизим шундай йўлга қўйилганки, биринчи жаримангиз ҳақида мобил илова ёки SMS орқали хабар берилади, [жарима баллари] 8 баллга етганда ҳайдовчи расмий равишда огоҳлантирилади.

— Жарима баллари 12 баллдан ошса нима бўлади?

— Жарима баллари 12 баллдан ошгандан сўнг, ҳужжатлар тўплами судга тақдим этилади. Ҳайдовчини автомобиль бошқариш ҳуқуқидан суд қарори билан 3 йилга маҳрум этилади. Автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳайдовчи қайта рулга ўтирса жиноий жавобгарликка тортиш таклифи киритилмоқда.

1 йил давомида қоида бузмаган ҳайдовчиларга кейинги йил ҳисобидан биринчи содир этилган ҳуқуқбузарлик учун 2 балл ҳисобланмайди.

— Автомобиль ижара асосида бошқарилганда қоидабузарлик содир бўлса, жарима баллари транспорт эгасига ёзиладими ёки ҳайдовчига?

— Яратилаётган мобил иловага автомобиль эгаси ва уни ишончнома орқали (ижара асосида) ким бошқараётгани ҳақида тўлиқ маълумотлар киритилади.

Қоидабузарликни ижара асосида автомобиль ҳайдаётган шахс бузса, лекин жарима бали транспорт эгасига ёзилган тақдирда томонлар қоидабузарликни ким содир этгани ҳақида тегишли ҳужжатларни тақдим этади, шундан сўнг жарима баллари қоидани бузган шахс номига ёзилади.

— Тест режими қачон тугайди?

— Қоида бузган ҳайдовчиларга жарима балларини ҳисоблаш тизими қонунчилик масаласи, тизимнинг техник жиҳати ва уни амалдаги тизимларга интеграциялаш якунланганидан сўнг тўлиқ ишга туширилади.