7 декабрь куни Шавкат Мирзиёев ер ости сувларини муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирлар тақдимоти билан танишди, дея хабар берди Президент матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ер ости сувларидан тартибсиз фойдаланиш оқибатида кўп жойларда ер ости суви камайиб кетмоқда. Навоий, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларининг айрим ҳудудларида унинг сатҳи 5 метргача пасайиб кетган.

Жойларда рухсатсиз қудуқлар бурғилаш, ер ости сувларидан назоратсиз ва ҳисобсиз фойдаланиш ҳамон давом этмоқдалиги таъкидланди. Шу боис, президент кўрсатмасига мувофиқ, ер ости сувлари муҳофазасини кучайтириш ва ундан фойдаланишни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Унга кўра, ер ости сувининг сатҳи 5 метрдан зиёд пасайган ҳудудларда қудуқлар бурғилаш ва ер ости сувларидан фойдаланишга мораторий жорий қилинади.

«Ҳозирги кунда қудуқларнинг 90 фоизида ҳисоблагич йўқлиги сабабли ер ости сувлари сарфи тўғрисида аниқ маълумот тўплаш имкони бўлмаяпти. Шунинг учун ер ости сувларидан фойдаланувчиларга 2024 йил 1 январга қадар ўз тасарруфидаги иншоотларни сув ҳисоблагич билан жиҳозлаш мажбурияти қўйилмоқда», — дейилган хабарда.

Шунингдек, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб ҳар бир қудуққа алоҳида эмас, балки қудуқларни бурғилаш фаолиятига рухсатнома бериш йўлга қўйилади. Сатҳи пасайиб кетаётган ер ости суви конларини тубдан қайта баҳолаш бўйича геология-қидирув ишлари амалга оширилади.

Ер ости сувларининг ҳолатини кузатиб бориш, хавфли геологик жараёнлардан муҳофаза қилишнинг ягона тизимини яратиш мақсадида Давлат геологик мониторинг хизмати ташкил этилади.

Давлат раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, сувдан ҳисобсиз фойдаланишга чек қўйиш, бу борада интизомни кучайтириш бўйича кўрсатмалар берди. Чучук сув манбаларини асраш ва аҳоли учун узоқ муддатга етадиган захира яратиш муҳимлигини таъкидлади.