Ўзбекистон бўйлаб пиротехника воситаларининг ноқонуний савдоси билан боғлиқ ҳолатлар аниқланмоқда. Тадбирларда кўп миқдорда пиротехника воситалари мусодара қилинди.

Хусусан, Қибрай тумани ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирида ов анжомлари сотишга мўлжалланган савдо дўконида сақланаётган ноқонуний пиротехника воситалари аниқланди.

Қибрай туманида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш бўйича туман ИИБ Жиноят қидирув бўлими томонидан Прокуратура департаменти ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида, туман Алишер Навоий кўчасида жойлашган (ов анжомлари сотишга мўлжалланган) савдо дўконида сотувчи бўлиб ишловчи 31 ёшли фуқаро Х.Т. пиротехника маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиб келаётгани ва дўкон омборида сотиш мақсадида 31 турдаги 1 586 дона (қора бозордаги) тахминий нархи 100 млн сўмдан кўп бўлган пиротехника воситаси сақлаётганлиги аниқланган.

Аниқланган далилий ашёлар қонуний қарор қабул қилингунга қадар холислар иштирокида туман ДСИ ходимларига топширилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан экспертиза тайинланиб, Жиноят кодексининг 250−1-моддаси (Портлаш хавфи бўлган моддалар ёки пиротехника буюмларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатиш чоралари кўрилмоқда.

Фото: Тошкент вилояти ИИББ

2 декабрь куни Бухоро вилояти Транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлими ходимлари томонидан Бухоро темир йўл вокзали ҳудудида ўтказилган «Пиротехника» тезкор профилактик тадбирлари давомида, 2008 йилда туғилган вояга етмаган, мактаб ўқувчиси, Когон шаҳар Бахт кўчасида яшовчи Х.Ш.нинг ёнида 5 блокда 50 қутида жами 2 750 дона Қирғизистонда ишлаб чиқарилган «Трения» ёзувли пиротехника воситалари борлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Х.Ш. ушбу пиротехника воситаларини шу куни Когон шаҳар марказий бозоридан ўзига нотаниш бўлган эркак кишидан жами 700 000 сўмга сотиб олганини билдирган.

Ҳолат юзасидан Х.Ш.нинг ота-онасига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185−3-моддаси (Мамлакат ҳудудида фуқаровий ва хизмат қуроли сифатида муомалада бўлиши тақиқланган ашёларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлиши) билан жаримага тортилди.

Фото: ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти

4 декабрь куни ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти Тезкор қидирув бошқармаси ходимлари томонидан шахсини сир сақлашни сўраган фуқаронинг аризасига асосан Тошкент шаҳар, Яшнобод туманида жойлашган «Кадишева» бозори яқинида тезкор тадбир олиб борилган.

Тадбир давомида, 1986 йилда туғилган Тошкент шаҳар, Яшнобод туманида яшовчи Ж.Ж. тезкор тадбир иштирокчисига 40 дона «Волк» номли салют, 8 дона «9D» номли салют, 43 дона «7SHOTS» номли салют ҳамда 144 дона «Золотой песок» номли салют пиротехника воситаларини жами 24 000 000 сўм пуллар эвазига келишиб сотаётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ушланиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Шунингдек, Жалақудуқ тумани ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан 4 декабрь куни ўтказилган тезкор-профилактик тадбирлар натижасида Андижон шаҳрида яшовчи 2002 йилда туғилган фуқаро А.Д. 100 дона қутидаги 6000 дона «Британик» номли ҳамда 6 дона «Соловей разбойник» номли пиротехника воситаларини Жалақудуқ тумани ҳудудида сотиш мақсадида олиб юрган вақтида ушланди.

Ушбу пиротехника воситалари холислар иштирокида ИИБ ихтиёрига олинди ва ҳолат юзасидан баённома расмийлаштирилди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Андижон вилояти ИИБ

Ғаллаорол тумани Бахт маҳалласида яшовчи 2004 йилда туғилган Д.Ш. 1 миллион 190 минг сўмга пиротехника воситасини сотаётганда ИИО ходимлари томонидан ушланди. 3 декабрь ўтказилган тезкор тадбирда сотувчидан жами 5 минг 400 дона пиротехника воситаси ҳужжатлаштириб олинган. Сўнгги икки кун давомида вилоятда пиротехника воситасини сотиш билан боғлиқ шундай 5 та ҳуқуқбузарликка чек қўйилди.

Хусусан, 3−4 декабрь кунлари жами 20 та ҳолат қайд этилди. Ҳудудлар кесимида таҳлил этилганда уларнинг 6 таси Шароф Рашидов, 3 тадан Ғаллаорол ва Зомин туманлари ҳудудида аниқланган.

Пиротехника воситаларини сақлаётганларнинг аксарияти мактаб ўқувчилари экани маълум қилинди. Чунончи, соҳа ходимлари Шароф Рашидов туманидаги 15-сонли ўрта умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Ҳ.В.ни Нурафшон маҳалласи ҳудудида тўхтатиб текширишганида у 480 дона пиротехника воситасини ёнида сақлаётгани маълум бўлди. Худди шундай, Ғаллаорол туманидаги 88-ўрта умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Ф.Ф. эса пиротехника воситасининг 600 тасини ёнида олиб юрган. Шанба ва якшанба кунги тадбирларда шу каби 12 та ҳолат кузатилди.

Тадбирлар давомида пиротехника воситаларини сотиш ва сақлаш билан боғлиқ ҳолатларда жами 6 номдаги 34 минг 500 га яқин пиротехника воситалари, 40 та салютлар ҳужжатлаштириб олинди.

Фото: Жиззах вилояти ИИБ

Тошкент вилояти ИИББ ходимлари томонидан Тошкент шаҳрига олиб кетилаётган қиймати 72 млн сўмлик, 200 000 дона пиротехника воситалари ушлаб қолинди.

Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш бўйича ИИББ соҳавий хизмат ходимлари томонидан мавсумий назорат-рейд тадбирлари давом эттирилмоқда.

Хусусан, навбатдаги тезкор тадбир давомида, 1979 йилда туғилган фуқаро И.Х. бошқарувида «Водий-Тошкент» йўналишида ҳаракатланиб келаётган Isuzu юк автомашинаси Оҳангарон туманида жойлашган Чинор ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилган.

Натижада транспорт воситасининг юкхонасида (хорижда ишлаб чиқарилган ва божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган) тахминий қиймати 72 млн сўмлик турли номдаги жами 196 555 дона пиротехника воситаси борлиги аниқланган ва далилий ашё сифатида ҳужжатлаштирилиб олинди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан қонуний қарор қабул қилиш чоралари кўрилмоқда.

Фото: Тошкент вилояти ИИББ