Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида жойлашган 37-сон манзил-колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкум У. Э. муассасада вафот этди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти ахборот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Таъкидланишича, воқеа 2022 йилнинг 6 декабрь куни соат 18:20 ларда содир бўлган. Муассасага қарашли деҳқончилик билан шуғулланиш учун мўлжалланган ер майдонида ушбу колонияда жазо муддатини ўтаётган боғдорчилик ишларига жалб қилинган маҳкум Б. Қ. ўзаро жанжаллашиш оқибатида маҳкум У. Э.га тан жароҳатлари етказган. Натижада маҳкум У. Э. олган жароҳатлари сабабли воқеа жойида вафот этган.

«Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича прокуратура органлари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади департамент ахборотида.

Аввалроқ Навоий шаҳар 5-минтақавий ҳудуд 4-сон жазони ижро этиш колониясида эркак ўз жонига қасд қилгани, Қашқадарё вилоятидаги 35-сонли манзил колониясидан эса маҳкум қочиб кетгани, кейинроқ қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.