Бош вазир ўринбосари, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов аҳолида электр истеъмол ошишини ҳисобга олганда мамлакатда яна такроран «блэкаут» бўлиш хавфи бор-йўқлиги борасида гапирди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

««Блэкаут» — бу технологик ҳолат ва бундай хавф доим бор. Буни инкор қилиш керак эмас. Чунки энергия тизимимиз нафақат ўзимизнинг ичимизда, балки қўшни мамлакатлар билан интеграциялашган. Шуни инобатга олган ҳолда январь ойида бўлган «блэкаут»дан тегишли сабоқ чиқариб, биринчи ўринда автоматик ўчириш қурилмалари, авариявий ҳолатларни олдини олувчи тизимлар ва марказий диспетчерлик тизимлари ташкил қилинди», — деди вазир.

Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг сўзларига кўра, чекловлар киритилаётганининг ҳам асосий мақсади назоратли ўчириб, шундай «блэкаут» ҳолатининг олдини олишдир.

«Агарда шундай чекловлар киритилмаса, албатта, бу энергия тизими издан чиқиши ва блэкаутга олиб келиш эҳтимолини келтириб чиқаради», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 25 январь куни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда электр таъминотидан оммавий узилиш юз берган эди. Ушбу аварияни ўрганиб чиққан давлатлараро комиссиянинг март ойида эълон қилинган хулосасида январдаги блэкаут Ўзбекистон энерготизимидаги узилиш оқибатида юз бергани кўрсатиб ўтилган.

25−27 январь кунлари бутун Ўзбекистонда кузатилган энерготизимдаги узилишлар оқибатида «Тошиссиққуввати» корхонаси аҳолига белгиланган нормада иссиқлик энергияси етказиб бермаганлиги аниқланганди. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Тошкент бўйича 4,5 млрд сўм, 9 та ҳудуд бўйича эса 1,222 млрд сўм маблағни истеъмолчиларга қайтаришга эришган.