7 декабрь куни Air Arabia авиакомпаниясининг Абу-Дабидан учган самолёти Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнди ва бу икки шаҳар ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларнинг очилиши бўлди, деб хабар берди Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

Шу муносабат билан Тошкент халқаро аэропортида Air Arabia компаниялар гуруҳи ижрочи директори жаноб Адель Ал Али иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

Компания ижрочи директори тўғридан-тўғри рейслар йўлга қўйилганидан мамнун эканини билдириб, асосий мақсад икки юрт одамларини ўзаро боғлаш ва уларнинг саёҳатларини қулай ва арзон қилиш эканини таъкидлади.

«Ҳозирда компаниямиз томонидан Шаржага ҳафтасига олти марта рейслар амалга оширилмоқда, эндиликда Абу-Дабига ҳафтасига иккита рейс қўшилмоқда. Биз фаолият юритадиган ҳар бир мамлакатда ҳеч бўлмаганда кунлик рейсларни таъминлашга интиламиз. Бу мобилликни оширади ва потенциал йўловчиларимиз учун кўпроқ имкониятлар яратади», — деди Адель Ал Али.

Эслатиб ўтамиз, 9 сентябрда «Ўзавиация» агентлиги томонидан Air Arabia компаниясига «Абу-Даби — Тошкент — Абу-Даби» йўналишида мунтазам парвозларни амалга ошириш учун рухсатнома берилганди.

15 ноябрь куни БААнинг Ўзбекистондаги элчихонасида Air Arabia авиакомпанияси тижорат менежери Акрам Ал Исмоил бошчилигидаги делегация вакиллари билан бўлган суҳбатда эса компания келгуси йилда Абу-Даби таянч аэропортидаги лоукостерлар сонини 2 бараварга кўпайтирмоқчи эканини айтиб ўтганди. Шунга мувофиқ, компания Самарқанд ёки Бухоро шаҳарларига мунтазам парвозлар йўлга қўйиши мумкин. Келгусида эса Абу-Даби — Тошкент ўртасидаги қатновлар сонини ҳафтасига 7 мартагача ошириш кутилмоқда.