Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 декабрь куни «Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги Фармонни имзолади. Ҳужжат мамлакат Конституциясининг 30 йиллиги муносабати билан қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган жазо муддатини ўтаётган 402 нафар шахс афв этилди, дейилади давлат раҳбари матбуот хизмати сайтида эълон қилинган шарҳда.

Афв этилган шахсларнинг 128 нафари жазодан тўлиқ озод қилинади, 201 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 15 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилади.

223 нафар шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинмоқда, 121 нафар шахс пробация органлари назоратидан чиқарилмоқда. Шунингдек, 58 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилади.

Афв этилганларнинг 17 нафарини чет эл фуқаролари, 26 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 63 нафарини аёл ҳамда 19 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган шахслар ташкил этади.

Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш юзасидан масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди.

Аввалроқ Ўзбекистон тарихида илк бор бир мартада кўп сонли маҳкум афв этилаётгани ҳақида хабар берган эдик.