2022 йилнинг январь-октябрь ойида 694 та ҳолатда ўрмон ҳуқуқбузарликлари аниқланиб, жами 3 млрд 153,4 млн сўм зарар келтирилган. Бу ҳақда 2 декабрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ғолибжон Қурбоновнинг сўзларига кўра, 374 та ҳолат бўйича 330 млн сўмдан ортиқ зарар ва 85,4 млн сўм жарима ундирилган. Айни пайтда қолганларини ундириш чоралари кўрилмоқда.

«Таҳлилларга кўра, дарахт кесиш бўйича 153 та ҳолат аниқланиб, етказилган зарар 732 млн сўмни, жарима эса 152 млн сўмни ташкил қилмоқда. Мол боқиш бўйича 283 та ҳолатда етказилган зарар 1 млрд 313 млн сўм, жарима 35 млндан иборат. Ов қилиш бўйича 10 та ҳолатда етказилган зарар 44 млн сўмни, жарима 9,6 млн сўмни, бошқа 248 та ҳуқуқбузарлик ҳолатларида етказилган зарар 1 млрд сўмни, жарима 105 млн сўмни ташкил этмоқда», — деди Ғолибжон Қурбонов.

Унинг қўшимча қилишича, ҳозирги кунда 420 нафарга яқин ўрмон инпекторлари фаолият юритмоқда. Тизим ташкилотлари томонидан маъмурий иш ҳужжатлари Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йилдаги 431-сон қарори билан тасдиқланган низом талаблари асосида «E-ma`muriy ish» тизимига электрон шаклда киритилиши орқали амалга оширилиб келинмоқда.