Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг буйруғига асосан Ички ишлар органларининг барча шахсий таркиби кучайтирилган хизмат тартибига ўтказилди, дея хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

Буйруқ ноқулай об-ҳаво шароитини инобатга олган ҳолда, «фуқароларнинг осойишталигини таъминлаш, ҳаёти ва соғлиғи ҳамда мулкини ҳимоялаш, шунингдек, қийин вазиятларда кўмак кўрсатиш мақсадида» қабул қилинган.


Фуқаролар ва мамлакат меҳмонлари бирон хавфли вазиятлар юз берганда ички ишлар органларига 102, 1102 ва 1173 қисқа рақамлари орқали мурожаат қилиши сўралади.

ИИВ хабар қилишича, ППХ ходимлари уч нафар яшаш хонадонига эга бўлмаган (дайди)ларни аниқлаб совуқдан музлаб қолмасликлари учун ИИБ Яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказига жойлаштирган. Улардан бири Навоий шаҳридаги кўп қаватли уйнинг кираверишида ухлаб қолган ҳолатда топилган.


Тошкентда эса ППХ ходимлари ер ости қувури ёнида исинаётган икки эркакни топди. Улар ҳам реабилитация марказига жойлаштирилган.