Ўтган кун давомида Тошкент ИИББ ходимлари томонидан доимий яшаш жойига эга бўлмаган 25 нафар фуқарога ёрдам кўрсатилди, дея хабар қилди бошқарма матбуот хизмати.

Ходимлар томонидан уларга иссиқ чой ва таом берилиб, Тошкент ИИББ Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказига жойлаштирилди. Улардан баъзиларига шифокорлар томонидан тиббий ёрдам кўрсатилди.

ИИББ ходимлари шу кунларда кўчаларни назорат қилишдан ташқари, кўп қаватли уйларнинг ертўлалари ва кириш жойлари, қурилиши тугалланмаган бинолар, иссиқлик трассалари ва муайян яшаш жойи бўлмаган шахслар совуқдан яшириниши мумкин бўлган бошқа бошқа жойларни кўздан кечиришмоқда.

Жумладан, Юнусобод туманида ППХ ходимлари томонидан совуқдан қийналиб, иситиш қувури устида ўтирган номаълум эркак аниқланган. Фуқаро зудлик билан Юнусобод тумани ИИО ФМБга олиб борилди. Сўнгра унга иссиқ чой ва таом берилиб, шифокорлар томонидан зарур тиббий ёрдам кўрсатилган.

Шунингдек, Алгоритм мавзесидаги автобус бекатида ИИО ходимлари маст ҳолатда ухлаб ётган номаълум эркакни аниқлади. Зудлик билан чақирилган тез тиббий ёрдам бригадаси томонидан фуқарога биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, у музлаб қолмаслиги учун Учтепа тумани ИИО ФМБга етказилган.

Чилонзор 11-мавзеда жойлашган кўп қаватли уй олдидаги бетон йўлакда номаълум эркак ётганлиги аниқланган. Суриштирувлар давомида унинг доимий яшаш жойи йўқлиги маълум бўлди. Фуқаро зудлик билан Учтепа тумани ИИО ФМБга олиб борилган. Сўнгра унга иссиқ чой ва таом берилиб, шифокорлар томонидан зарур тиббий ёрдам кўрсатилган.

Юнусобод тумани «Мингчинор» маҳалласида яшовчи фуқаролардан бири туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, кўп қаватли уй ҳовлисидаги пиёдалар йўлагида, қор устида номаълум эркак ётганлигини маълум қилган. Воқеа жойига етиб келган ППХ ходимлари эркакнинг маст ҳолатда эканлигини аниқлаб, уни ҳушига келтирмоқчи бўлдилар ва тез тиббий ёрдам бригадасини чақиртирган. Кучли совуққотган фуқаро зудлик билан касалхонага олиб борилганлиги сабабли, ҳаёти сақлаб қолинди.

ИИББ фуқаролардан бошпанасиз қолган ва кўчада ёрдамга муҳтож бўлиб музлаб қолаётган фуқаролар аниқланган тақдирда, 102 рақамига хабар бериш ёки бевосита яқин атрофда хизмат қилаётган ички ишлар органлари ходимларига мурожаат қилишни сўради.

Аввалроқ, ноқулай об-ҳаво шароити туфайли ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ички ишлар органларининг барча шахсий таркибини кучайтирилган хизмат режимига ўтказиш тўғрисидаги буйруқни имзолагани хабар қилинганди.