Президентнинг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси ўринбосари бўлиб ишлаб келаётган Алишер Усманов бошқа ишга ўтиши муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар берди.

У Наманган вилояти суди раиси этиб тайинланди, дея маълум қилди Davlat boshqaruvi Telegram канали.

Маълумот учун, Алишер Усмонов 1964 йилда туғилган бўлиб, Косонсой туман судининг раиси, Мингбулоқ тумани прокурори ва Наманган вилоятидаги халқ қабулхонаси мудири лавозимларида фаолият юритган.

2016 йил охирида президент девонида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати ташкил этилганди. 2017 йилнинг майида у фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича хизмат этиб қайта шакллантирилди.

Аввалроқ, президент 2016 йил декабрдан буён фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимида ишлаб келаётган Турсинхан Худайбергеновни ўзининг Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш масалалари буйича маслаҳатчиси этиб тайинлаганди.