Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати Нуробод туманидаги кафелардан бирининг олдида 10 киши бир кишини уриб ўлдиргани айтилган хабар юзасидан муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, 29 ноябрь куни соат тунги 01:30 ларда Нуробод туманида «Наврўз» МФЙ ҳудудидаги «Тож» номли кафе ёнида олдиндан ўзаро таниш бўлган М. Х. ва Х. Ш. лар маст ҳолатда ўзаро тортишиб қолиши натижасида Х. Ш. М. Х.ни уриб, унга тан жароҳати етказган.

Шифокорлар томонидан кўрсатилган муолажаларга қарамай, олган тан жароҳати оқибатида фуқаро М. Х. бир кун ўтиб — 30 ноябрь куни вафот этган.

Ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.

«Шундан сўнг, жиноят иши 104-модда 3-қисми билан қайта малакаланган. Айни дамда жиноят иши вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси юритувига олинган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.