Тошкент вилояти Чиноз туманида эр-хотин ва уларнинг 3 ойлик чақалоғи ис газидан вафот этди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.

Маълум бўлишича, 4 декабрь куни соат 07:00 ларда Чиноз тумани, «Хўжа» маҳалла фуқаролар йиғини Истиқлол кўчасида яшовчи 1994 йилда туғилган Ё.Б.(эркак), 2002 йилда туғилган У.С. ва 2022 йилда туғилган вояга етмаган Я.С. яшаш хонадонининг ётоқ хонасида ухлаётган вақтида ис газдан заҳарланиб вафот этган.

Хабарга кўра, олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, «Чинозтумангаз» газ таъминоти бўлимининг 2022 йилдаги 5701−08/586-сонли маълумотномасига кўра, 3 декабр куни ушбу хонадон фойдаланилган табиий газдан 7 500 000 сўм дебитор қарздорлиги мавжудлиги сабабли газ таъминоти бўлими ходимлари томонидан газ тармоғидан пайвандлаш йўли орқали узилган.

Истеъмолчи дебитор қарздорлиги бўлишига қарамасдан ўзбошимчалик билан табиий газ тармоғига уланиб, табиий газдан фойдаланиб келганлиги маълум бўлган.

Ҳолат юзасидан тайинланган суд-тиббёт экспертизасининг дастлабки маълумотномасига кўра, марҳумларда ташқи кўрик вақтида тан жароҳатлари аниқланмаганини, уларнинг ўлимига ёниб улгурмаган ис газдан заҳарланиш оқибатида ўткир юрак қон томир ва ўпка-нафас етишмовчилиги натижасида содир бўлиши мумкинлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, шу пайтга қадар расмий манбаларда эълон қилинган ҳолатлар бўйича республика бўйлаб 12 киши ис газидан вафот этганди. Хусусан, Наманганда қайнона, келин ва набира, Қашқадарёда 17 ёшли қиз, Хоразмда ижарада турган икки йигит, Жиззахда қария аёл ва унинг икки набираси ҳамда Бухорода 2-синф ўқувчиси, Фарғонада эр-хотин ис газидан ҳалок бўлганди.