«Ҳудудгазтаъминот» матбуот хизмати табиий газдан оқилона фойдаланиш бўйича фуқароларга илтимос билан чиқди.

Ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши ва қор ёғиши муносабати билан табиий газ истеъмоли сезиларли даражада ошмоқда. 4 декабрда мамлакат аҳолисига (3,9 миллиондан ортиқ истеъмолчига) 68 млн куб метр табиий газ етказиб берилди. (2021 йил 4 декабрда — 55,8 млн куб метр, яъни жорий йил 21% га кўпроқ етказиб берилди).

Шунга қарамай 516 та маҳаллада ёки 79 минг истеъмолчида газ босимининг пасайиши кузатилди, 14 минг истеъмолчида эса газ таъминоти вақтинча тўхтатилди.

«Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларни „зангори“ ёқилғи билан таъминлаш мақсадида „Ҳудудгазтаъминот“ томонидан 10 мингдан ортиқ соҳа ходимлари жалб қилиниб, улар маҳаллалар кесимида муаммоларни ҳал қилиш учун барча саъй-ҳаракатларини ишга солмоқдалар. Хусусан, „Бинокор“ ва „Бектемир“ газ тақсимлаш станцияларида чиқиш босимини ошириш ишлари олиб борилмоқда ва бу пойтахтнинг Чилонзор, Учтепа, Шайхонтоҳур, Яккасарой, Миробод ва Сергели туманларида табиий газ босимининг яхшиланишига имкон беради»? — дейилади хабарда.

«Ўзтрансгаз» мутахассислари билан биргаликда Янгийўл тумани аҳолисининг газ билан таъминланишини яхшилаш масалалари ҳал этилмоқда, жумладан «Янгийўл» маҳалласи Зафаробод кўчаси бўйлаб жойлашган 30 та хонадонда бу масала ҳал этилди, «Чаманзор» маҳалласида эса бу борадаги ишлар давом этмоқда.

Пойтахтдаги АГҚКШнинг иш жадвалига ўзгартиришлар киритилди, жамоат ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга транспортларга ёқилғи қуйиш ишлари тунда ҳам амалга оширилмоқда. Чекловлар аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларидан ташқари бошқа истеъмолчиларга қўйилади.

«Фурсатдан фойдаланиб, барча истеъмолчиларни „зангори“ ёқилғи билан таъминлаш мақсадида „Ҳудудгазтаъминот“ ҳурматли фуқаролардан табиий газдан оқилона фойдаланишларини ва биринчи навбатда зарур бўлган газ жиҳозларини ишлатишни, уйдан чиқиб кетаётганда эса иситиш мосламаларининг ҳароратини иложи борича пасайтиришни илтимос қилади», — дейилади баёнотда.

Барча мурожаатлар, шикоятлар ва таклифлар 1104 call-маркази ва 104 диспетчерлик хизмати рақамлари, шунингдек, Facebook ижтимоий тармоғида газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун очиқ гуруҳи орқали қабул қилинади.