ЖЧ-2022`нинг 15-кунида яна иккита нимчорак финали учрашувлари бўлиб ўтди. Биринчи ўйинда Франция терма жамоаси Польшани 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Иккинчи баҳсда эса англияликлар Сенегал терма жамоасини 3:0 ҳисобида доғда қолдиришди.

Франция — Польша 3:1

Франция терма жамоаси ўз гуруҳидан 6 очко билан, ҳудди шундай очко тўплаган Австралиядан голлар сони бўйича олдинда бўлган ҳолда биринчи ўринда чиққан эди. Жамоа 1−2 турларда Австралия ва Данияни енгиб, сўнгги турда Тунисга мағлуб бўлган эди. Польшаликлар эса сўнгги турда мундиални гуруҳ босқичида тарк этишларига сал қолган эди. Бироқ, Саудия Арабистони ва Мексика терма жамоаси учрашувида 1:2 ҳисоби қайд этилгани сабабли, Польша Мексикадан голлар бўйича устунлик қилган ҳолда плей-оффга чиқди.

Франция — Польша баҳси «Ал-Тумама» стадионида 40 989 нафар томошабин қаршисида бўлиб ўтди. Ўйинда аниқ зарбалар йўллаш бўйича 8:3 ҳисоби қайд этилди, Франция олдинда. Францияликларнинг устунлиги ўйиндаги ҳисобда ҳам ўз аксини топди.


Ўйинда Польша дарвозабони Войцех Шенснининг катта жасоратлари ҳам польшаликларнинг ғалаба қозонишига ёрдам бера олмади. 1-таймда Польша ҳисобни очишга бир неча бор яқин келди, бироқ аниқлик ва омад етишмади. Учрашувдаги илк гол 44-дақиқада киритилди. Оливье Жиру Францияни ҳисобда олдинга олиб чиқмоқда. У Франция терма жамоаси тарихидаги энг кўп гол урган футболчига айланмоқда. Жиру бу борада Тьерри Анрини ортда қолдирди.

Иккинчи таймда Жиру дубль қайд этиш учун бир неча бор яқин келди. Ўйиндаги иккинчи голни 74-дақиқада Килиан Мбаппе киритди — 2:0. 91-дақиқада у дубль қайд этди. Мбаппе бугунги учрашувнинг энг зўр футболчиси бўлса керак — у бугун ўз номига битта ассист ва иккита гол ёздириб қўймоқда.


97-дақиқада Польша терма жамоасининг ҳужумларидан бирида тўп Франция футболчисининг қўлига тегди. Ҳакам VAR аралашувидан сўнг Франция дарвозасига пенальти белгилади. Зарбани Роберт Левандовски амалга оширади. Гол! Ҳисоб 3:1 кўринишига келмоқда. Бироқ вақт тугади ва ўйин 3:1 ҳисоби билан якунланди. Польша терма жамоаси уйга, Франция эса чорак финалга йўл олади.

Англия — Сенегал 3:1

Англия терма жамоаси ўз гуруҳидан 7 очко билан, пешқадам бўлган ҳолда чиқди. Англияликлар гуруҳ босқичида Эрон ва Уэльс терма жамоаларини йирик ҳисобда мағлуб этганди. Сенегал терма жамоаси эса сўнгги турда Эквадор билан бўлиб ўтган баҳсда ўзининг плей-офф учун кўпроқ лойиқ эканлигини кўрсатиб қўйган эди. Қатар ва Эквадор билан ўйиндаги ғалабалар эвазига олинга 6 очко билан улар гуруҳда 2-ўринни эгаллашди.

Англия — Сенегал учрашуви «Ал-Байт» стадионида бўлиб ўтди ва ушбу баҳсни томоша қилиш учун майдонга 65 985 нафар мухлис ташриф буюрган. Ўйинда тўпга эгалик қилиш бўйича Англия терма жамоаси яққол пешқадам бўлди: 61% га 39%.

Ўйиннинг 39-дақиқасида Жордан Хендерсон ўзининг терма жамоа сафидаги илк голини киритди ва Англияни ҳисобда олдинга олиб чиқди.

1-тайм тугашига оз қолганда эса Харри Кейн ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. Жамоалар ушбу голдан кейин танаффусга йўл олишди.

57-дақиқада Букайо Сака катта саҳнага чиқди — Фил Фодендан эса ассист. Ҳисоб — 3:0. Эдуард Менди бугун ўз жамоасини қутқара олмаяпти. Англия терма жамоаси сафида бугун Жуд Белингем жуда ёрқин ўйин кўрсатмоқда.

Ҳисоб бундан ҳам каттароқ кўриниш олиши мумкин эди. Англия терма жамоаси яна бир неча ўткир ҳужумлар уюштирди. Ҳакам ўйинга 4 дақиқа вақт қўшиб берди. Учрашув 3:0 ҳисоби билан якунланди ва Англия терма жамоаси чорак финалда.

Чорак финалда Франция ва Англия терма жамоалари ўзара куч синашишади. 11 декабр куни Тошкент соати билан 00:00 да бошланадиган ўйинда иккита фаворит жамоалардан бири мундиални тарк этади.