Ҳукуматнинг «Атоқли давлат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Муса Ерниязов таваллудининг 75 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга мувофиқ, 2022 йил декабрь ойининг иккинчи ўн кунлигида Нукус шаҳрида Муса Тажетдинович Ерниязов таваллудининг 75 йиллигига бағишланган хотира кечаси ўтказилади. Унинг ҳаёти ва ижтимоий-сиёсий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратилади, ҳаёти ва фаолиятига бағишланган китоб-альбом ҳам чоп этилади.

Шунингдек, Нукус шаҳри «Жеке терек» маҳалласидаги Муса Ерниязов яшаган хонадонда ёдгорлик лавҳаси ўрнатилади.

Сиёсатшунос ва олимлар ҳамда нуронийлар иштирокида хотира тадбирлари, давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилади.

Маълумот ўрнида, Муса Ерниязов 1947 йил Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманида туғилган. 1971 йили Тошкент қишлоқ хўжалигини ирригациялаш ва механизациялаш муҳандислари институти, 1986 йили Тошкент олий партия мактабларини битирган. 2019 йил «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.

1983−1989 йилларда Қорақалпоғистон уй-жой коммунал хўжалиги вазири, 1989−1990 йилларда Ўзбекистон Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашининг доимий вакили бўлиб фаолият олиб борган.

2000−2001 йилларда Чимбой тумани ҳокими, 2001−2002 йилларда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раисининг индустрияни ривожлантириш, қурилиш ва коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари бўлган.

2002 йилдан бошлаб 2020 йил — вафотига қадар Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг раиси — Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари эди.