Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида собиқ ҳоким ёрдамчиси ўз жонига қасд қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, 2 декабрь куни соат 15:00 ларда шаҳарнинг Улуғбек маҳалласида яшовчи 39 ёшли Б. Н. ўз хонадонида жонсиз ҳолда топилган. «Овчилик» бирлашмасига қонуний аъзо бўлган Б.Н. ўзига тегишли бўлган ов қуролидан танасининг чап кўкрак соҳаси қисмига тақаб сочма қўрғошинли ўқдан бир маротаба узган.

Тўрт фарзанднинг отаси бўлган эркак олган тан жароҳати оқибатида воқеа жойида вафот этган.

Ҳолат юзасидан олиб борилган суриштирув ишлари давомида фуқаро Б. Н. Ангрен шаҳар «Дорилфунун» МФЙда ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлагани ва шу кунлардан ишдан бўшагани маълум бўлган. Шунингдек, у отасининг вафотига кўп бўлмагани боис тушкун кайфиятда юргани аниқланган.

Ҳозирда ҳолат бўйича қўшимча суриштирув ишлари олиб борилмоқда.