Тармоқларда Шаҳрисабз шаҳар ҳокими Акром Сулаймонов ва мутасаддиларнинг қалин кийимда, уларнинг олдида турган ўқувчи қизлар эса юпун кийингани акс этган сурат муҳокамаларга сабаб бўлди.

Маълум бўлишича, мазкур ҳолат Шаҳрисабз шаҳар Ёшлар ишлари агентлиги ва сектор раҳбарлари «Ёшлар дафтари»да турганларга навбатдаги субсидия асосида меҳнат қуроллари ва тўловлар учун сертификатлар топшириш маросимида бўлган. Шаҳрисабздаги 1-мактаб ҳовлисида ташкил этилган, ўқувчиларга мутлақо алоқаси бўлмаган тадбирга болалар ҳам жалб этилган.

Фото: Шаҳрисабз шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати

Шаҳар ҳокимлигининг Telegram каналида тадбир ҳақида жойланган пост ва фотосуратлари кўп ўтмай ўчириб юборилган.

Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамова вазиятга муносабат билдирар экан, вазирлик томонидан мактаб ўқитувчи ва ўқувчиларини мактаб вақтидан ташқари, уларнинг саломатлиги ҳамда хавфсизлигига хавф соладиган турли тадбирларга жалб қилмаслик бўйича доимий равишда огоҳлантириб келинишини қайд этди.

«Афсуски, шунга қарамай ушбу суратдаги каби аянчли ҳолатлар юзага келмоқда. Болаларнинг мактабдан ташқари вақтларда тадбирга жалб этилиши ва энг ачинарлиси, совуқ об-ҳаво шароитига қарамай уларнинг юпун кийимларда эканлиги ушбу ҳудуддаги ҳар бир мутасаддининг айби, деб ҳисоблаймиз», — дейилади муносабатда.

Вазирлик ҳудуд мутасаддилари саналган ҳокимлар, сектор раҳбарлари, ҳуқуқ-тартибот органлари масъулларидан таълим муассасасида мактаб вақтидан ташқари тадбирларни ташкил этаётганда мактаб ўқувчи ва ўқитувчиларини жалб қилиб, бу каби ҳолатларга йўл қўймасликларини қатъий сўради.

Кейинчалик Шаҳрисабз ҳокимлиги ҳолатга изоҳ бериб, 2-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби қошида ташкил этилган «Туморча» рақс тўгараги раҳбари ва ота оналарининг ўзлари ўқувчи-қизларнинг кечки тадбирда рақсларини намойиш этиш таклифи билан чиққанини маълум қилди.

«Улар ота-оналари билан гулхан атрофида бирга иссиқ кийимларда ўтиришган (бу ҳолат расм ва видеода ҳам акс этган). Фақатгина даврада ўйнашда ва тақдирлаш жараёнида расмга олиш учун қисқа вақтда рақс кийимида бўлишган, холос. Бу ерда ташкилотчиларни оқлашдан йироқмиз, фақат тадбирга рақс тўгараги қизларининг устози ва ота-оналари ташаббусига кўра ютуқларини баҳам кўриш учун келишганини англашимиз зарур. Тадбир 17:30 да бошланиб, ёшларнинг хоҳишига кўра гулхан атрофида кўнгилочар дастурга уланиб кетган ва кеч соат 19:30 да тугаган», — дейилади муносабатда.

Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар ҳокимлигида йиғилиш ўтказилиб, ёшлар тадбирини ташкил этишда эътиборсизлик қилган масъулларга чоралар кўрилган.

«Барчадан узр сўраган ҳолда жамоатчиликнинг кескин танқидига олиб келадиган бундай ҳолатларга бошқа йўл қўймаслигимизни маълум қиламиз ва бу тадбир биз учун аччиқ сабоқ бўлди», — дейилади хабарда.