Тармоқларда Янги Наманган тумани ҳокими Жобир Абдуллаевнинг тадбиркорни сўккани акс этган аудиосуҳбат тарқалди. Шундан сўнг вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигида давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича кенгайтирилган муҳокама йиғилиши ўтказилди, дея ҳабар бермоқда ҳокимлик матбуот хизмати.

Йиғилишда Янги Наманган тумани ҳокими Жобир Абдуллаевга «ҳайфсан» интизомий жазоси қўлланилиб, барча турдаги рағбатлантиришлардан маҳрум қилинди.

«Албатта, бу ҳол нафақат туманнинг, балки Наманган вилоятининг шаънига номуносиб ҳаракат дея баҳоланди», — дейилади хабарда.


Шунингдек, жорий йил давомида ижтимоий тармоқларда шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, вилоят бошқармалари, тегишли ташкилотлар раҳбарларининг хатти-ҳаракатлари бўйича ёритилган масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ фуқаролар билан мулоқот чоғида ҳақоратли сўзлар ишлатиб, тадбиркорга сўкингани учун Ангрен ҳокими Алишер Раимовга ҳам «ҳайфсан» интизомий жазоси берилганди. Вилоят ҳокимлиги мансабдорнинг давлат хизматчиси касб этикасини бузгани ва мансаб ваколатларини суиистеъмол қилганини тан олди.