ЖЧ-2022 нимчорак финал босқичи доирасида Нидерландия — АҚШ ҳамда Аргентина — Автралия учрашувлари бўлиб ўтди. Ушбу икки баҳс ҳам сенсациялар сиз ўтди: биринчи баҳсда 3:1 ҳисобида нидерландларнинг қўли баланд келган бўлса, Тошкент вақти билан 4 декабрга ўтар кечаси бўлиб ўтган иккинчи ўйинда 2:1 ҳисобида Аргентина терма жамоаси ғалаба қозонди.

Нидерландия — АҚШ

Нидерландия терма жамоаси ўз гуруҳидан яққол пешқадам бўлган ҳолда, 7 очко билан чиқди. АҚШ эса охирги турда Эронни мағлуб этган ҳолда гуруҳда иккинчи ўринни қайд этган эди.

Ушбу жамоалар ўртасидаги баҳс «Халифа» халқаро стадионида бўлиб ўтди ва учрашувни томоша қилиш учун стадионга 44 846 нафар мухлис ташриф буюрди. Ўйинда тўпга эгалик қилиш борасида АҚШ терма жамоаси олдинда эди: 42% га 58%. Дарвозага аниқ зарба йўллаш борасида ҳам америкаликлар фаол бўлишди: 6:8. Умуман олганда, Нидерландия фақат голлар бўйича ва фоллар сони бўйича олдинда бўлишди, бошқа барча кўрсаткичлар борасида АҚШ устунлик қилди. Демак, вазиятларни муваффақиятли тарзда якунлаш — АҚШ терма жамоасининг жиддий муаммоси.

Нидерландия терма жамоаси ўйиннинг 10-дақиқасидаёқ ҳисобда олдинга чиқиб олди. Гол муаллифи — Мемфис Депай.

Депай голни нишонламоқда.

1-таймда АҚШда ҳам яхши вазиятлар бўлди, аммо нидерландлар дарвозабони Нопперт жамоасин қутқарди. 1-таймга қўшиб берилган дақиқаларда Дейли Блинд ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди.

2-таймни америкаликлар шиддатли ҳужумлар билан бошлашди. Ҳужумларда иштирок этувчи ҳар бир АҚШ футболчисида, эҳтимол, биттадан гол уриш учун қулай вазият бўлгандир.

АҚШ терма жамоаси ҳужуми, Гакпо тўпни қайтармоқда.

76-дақиқада АҚШ терма жамоаси оҳир-оқибат ўз мақсадига эришди. Райт Нидерландия дарвозасига жуда чиройли гол киритди. Бундай гол уришини ўзи ҳам кутмаган бўлса керак. Бироқ, кўп ўтмай, 81-дақиқада Нидерландия ўзининг учинчи голини киритди — Думфрис ҳисобни 3:1 кўринишига келтирмоқда. Ҳакам 2-таймга 6 дақиқа вақт қўшиб берди. Аммо бу вақт ичида гол содир бўлмади. Нидерландлар ушбу ҳисобни сақлаб қолишди ва чорак финалга йўл олишди.

Аргентина — Австралия 2:1

Аргентина терма жамоаси C гуруҳидан иккита ғалаба билан пешқадам сифатида чиқишди. Австралия терма жамоаси эса ўз гуруҳида Дания ва Тунисни мағлуб этган ҳолда иккинчи ўринни эгаллашди.

Ушбу икки жамоа ўртасидаги баҳс «Аҳмад бин Али» стадионида 45 032 нафар томошабин қаршисида бўлиб ўтди. Ўйинда тўпга эгалик қилиш бўйича Аргентина терма жамоаси устунлик қилди: 60% га 40%. Бироқ вазиятлардан фойдаланиш борасида устунлик Австралия терма жамоаси томонида. Чунки Австралия Аргентина дарвозасига 1 та аниқ зарба йўллаган ва ягона зарбани голга айлантирган. Аргентина терма жамоаси эса дарвозага 5 та аниқ зарба йўллаган. Аргентиналикларнинг ноаниқ зарбалари сони эса 7 га тенг. Бу кейинги босқичларда жиддий муаммога айланиши мумкин, чунки плей-офф босқичларида одатда ягона зарба ҳам ўйин тақдирини ҳал қилиши мумкин, статистика эса Аргентинанинг ягона зарбани голга айлантира оладиган жамоага ўхшамаслигини кўрсатмоқда.

Ўйиндаги илк голни 35-дақиқада Лионель Месси киритди — 1:0. У тўпни ерлатиб дарвозанинг бурчагига йўналтирди. Дарвозабон тўпга улгурмади. 1-таймда бошқа гол киритилмади.


Фото: Reuters / Carl Recine

57-дақиқада Алварес ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди. Аргентинанинг прессинги оқибатида Австралия дарвозабони Мэтью Райан хатога йўл қўйди, Алварес эса хатодан унумли фойдаланди.

77-дақиқада Австралия терма жамоаси орадаги фарқни қисқартиришга эришди. Гудвин томонидан йўлланган зарба Фернандесга тегиб ўз йўналишини ўзгартирди, оқибатда дарвозабон Мартинес бундай вазиятда жамоани қутқариши қийин эди. Ҳисоб — 2:1.

Фото: Getty Images

Голдан кейин Австралия яна жонланди. Чунки 2:1 ҳисоби ишончли эмас. Ҳакам ўйинга 7 дақиқа вақт қўшиб берди. Қўшимча дақиқаларда Месси дублга эришиши ҳам мумкин эди, аммо бироз омад етишмади. Омад, шунингдек, Австралия терма жамоасига ҳам етишмади, чунки улар битта гол ура олишганида, ўйинни қўшимча таймларга ўтказишлари мумкин эди. Қўшимча таймларни амаллаб ўтказишганида эса пеналтилар сериясига ўтилар эди. Пеналтилар сериясида эса нима бўлишини ҳеч ким олдиндан айта олмайди.

Аргентина терма жамоаси 2:1 ҳисобида ғалабага эришиб, чорак финалга йўл олди. У ерда эса аргентиналиклар Нидерландия билан тўқнаш келади. Маълумот учун, Аргентина — Нидерландия баҳси Тошкент вақти билан 10 декабр соат 00:00 бошланади.