Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари томонидан 2022 йил ноябрь ойи учун Тошкентда уй нархлари ўзгариши таҳлил қилинди.

Унга кўра, 2022 йилнинг ноябрь ойида Тошкент бўйича уй савдоси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўртача 8 фоизга (7814 дан 8408 тага) ошган. Мазкур даврда 1 кв. метр учун нархлар ўртача 27 фоизга кўтарилган, яъни ушбу кўрсаткич 2021 йил ноябрда $849 бўлган бўлса, 2022 йил ноябрда $1078га етди.

Тошкентнинг айрим ҳудудларида 1 кв. метр учун уй нархлари ўртача кўрсаткичдан ($1078) сезиларли даражада юқори ҳисобланади, хусусан, Мирободда — $1285 (+20%), Яккасаройда — $1178 (+9%), Шайхонтоҳурда — $1144 (+6%), Мирзо-Улуғбекда — $1137 (+6%), Юнусободда — $1117 (+4%).

Маълумот учун, 2022 йил 9 ойида Тошкент бўйича ўртача иш ҳақи 5,9 млн сўмга етиб, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 32,5 фоизга ўсган. Ушбу даврда йиллик инфляция даражаси 12,2 фоизни ташкил этгани ҳисобга олинса, реал иш ҳақи даромадлари 20,3 фоизga ошган. Ушбу даврда сўмнинг 1 АҚШ долларига нисбатан алмашув курси 10672,30 сўмдан 10973,39 сўмга (2,8%) ўзгарган.

2022 йил ноябр ойида ўртача таъмирланган 2 хоналик уй нархи ўртача ҳисобда $55,7 мингни ташкил этди (2021 ноябрда — $41,6 минг). Тошкентда уй-жойга бўлган талабнинг ошиши, бир томондан яшаш учун ижтимоий инфратузилманинг нисбатан яхшироқлиги билан изоҳлаш мумкин.

Шунингдек, таъкидланишича, туғилиш коэффициенти ҳам сезиларли даражада ошган. Яъни, Тошкентда бир аёлга тўғри келадиган болалар сони 2010 йилда 1,99 ни ташкил этган бўлса, 2021 йилда ушбу кўрсаткич 3,02га етди. Мазкур кўрсаткич ҳам оиланинг кенгроқ майдонга эга хонадонга кўчиб ўтиш истагини шакллантиришда аҳамиятли бўлиши мумкин.

«ПМТИ томонидан 2022 йилнинг сентябрь ва октябрь ойларида мамлакатимизда туғилиш даражасининг нима сабабдан юқори эканлигини аниқлаш мақсадида сўров ўтказилганда, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи 25−45 ёш оралиғида бўлган 3 нафар ва ундан кўп фарзандлари бор 200 нафар аёл иштирок этди. Сўров натижаларига кўра фарзанд кўришга қарор қилишдаги асосий сабаблар сифатида саломатлиги (43,8%) ва оилавий шароитининг яхшиланиши (47,9%) кўрсатилган», — дейилади хабарда.

Уй бозорида нархлар ошиб бораётган бир шароитда аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича давлат дастурлари кўламининг кенгайтирилиши уй бозоридаги фаолликнинг сақланиб қолаётганига асосий сабаб бўлмоқда. 2022 йил 9 ойида банклар томонидан аҳолига 10,3 трлн сўм миқдорида ипотека кредитлари ажратилди, бу эса 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 68 фоизга кўпроқ ҳисобланади.

Ўзбекистон Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси (ЎзИҚМК) маълумотларига кўра, 2020 йил 4-чоракдан 2022 йил 3-чораккача бўлган даврда берилган ипотека кредитларининг 73,1 фоизи Молия вазирлиги маблағлари ҳисобидан, 16,8 фоизи банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан ва 10,1 фоизи ЎзИҚМК маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган.

️ПМТИ олдинги шарҳида Тошкентда уй-жой нархларининг тез суръатларда ўсишини мазкур бозорнинг спекулятив хусусиятга эга эканлиги билан изоҳлаган эди. Яъни, талаб томондан, фарзандлар сони, даромад ва миграция факторларидан ташқари, уй нархларининг ошиб бораётганлиги аҳолининг жамғармаларини инвестицияларга йўналтириш бўйича молиявий инструментларнинг чекланганлигидан далолат беради. Яъни, мамлакатда капитал бозорининг ривожланмаганлиги узоқ муддатли жамғармаларга эга аҳоли қатламининг ортиқча маблағларини уй-жой учун инвестицияларга йўналтиришларига сабаб бўлмоқда.

Ушбу таҳлил учун маълумотлар olx.uz сайтидан web-scraping усули ёрдамида олинган. 2020−2022 йиллар учун тўпланган 113.5 мингта кузатувлар ўрганилди.