Ўзбекистон ташқи сиёсий кун тартибини миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда шакллантиради, шунинг учун Франция билан ҳамкорликни кучайтиришнинг Украинадаги воқеаларга алоқаси йўқ. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов «Озодлик» радиосига берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Ҳар қандай давлат ташқи сиёсий кун тартибини ўзининг миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда белгилайди. Бизнинг ҳам ташқи сиёсий кун тартибимиз давлатимизнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, прагматик ёндошувга асосланган ҳолда [шакллантирилади]. Қандайдир геосиёсий воқеликларга ёки геосисий коньектурага боғлиқ эмас», — деди Шерзод Асадов.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Францияга ташриф икки давлат ҳамкорлиги самараси эканлигига тўхталиб ўтди: «Европа Иттифоқи бизнинг асосий иқтисодий ва сиёсий ҳамкорларимиздан биридир. Ўзаро фаол ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ҳар иккала томоннинг ҳам манфаатларига мос келади», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев Франция президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан 21−22 ноябрь кунлари, сўнгги тўрт йил ичида иккинчи марта расмий ташриф билан Парижда бўлди. Елисей саройида бўлиб ўтган музокараларда президентлар «ҳар томонлама юқори даражадаги ҳамкорлик»ни ривожлантиришга келишиб олишди. Шунингдек, Парижда 6 млрд евродан ортиқ қийматдаги савдо-иқтисодий келишувлар ҳамда шартномалар имзоланди.

Ноябрь ойи бошида ўтказилган Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликка бағишланган Global Gateway конференцияси ўтказилган, унда сув энергетика масаласи ҳамда минтақани сунъий йўлдош интернет тармоғига улаш тўғрисидаги ташаббуслар илгари сурилган эди.