Марокаш давлатининг Работ шаҳрида бўлиб ўтган Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитанинг 17-сессиясида иккита кўпмиллатли элемент Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги хабар берди.

Ўзбекистон томонидан Озарбайжон, Афғонистон, Эрон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркия билан биргаликда «Ипакчилик ва тўқув учун анъанавий ипак ишлаб чиқариш» номли биринчи файл тақдим этилди. Иккинчи номинация «Хўжа Насриддин ҳақидаги латифаларни такрорлаш анъаналари» деб номланган бўлиб, Ўзбекистон томони Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркия билан ҳамкорликда тайёрлаган.

Қўмитанинг баҳолаш комиссияси номзодлик ҳужжатларини тайёрлашда иштирок этаётган давлатларнинг биргаликдаги фаолиятини юқори баҳолади ва уларнинг вакиллик рўйхатига киритиш учун барча мезонларга мувофиқлигини қайд этди.

«Давлатимиз раҳбари бошчиликларида мамлакатимизнинг бой номоддий маданий меросини муҳофаза қилиш ва уни кўпайтириш йўлида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Яна икки анъанамизнинг ЮНЕСКО рўйхатидан жой олиши бунинг яққол далилидир», — деди бош вазир ўринбосари — Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси раиси Азиз Абдуҳакимов.


Тадбир давомида номинациялар тақдимотида маданиятларни бойитиш, маҳаллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш, ўзаро ҳурмат ва маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлашдаги унсурларнинг тарихий ўрни ва аҳамиятини атрофлича очиб берувчи видеофильмлар намойиш этилди.

Иштирокчилар ипак етиштиришнинг анъанавий технологиялари, кейинги йилларда Ўзбекистонда ипакчиликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратди. Аҳоли орасида машҳур ва севимли фольклор қаҳрамони саналган Хўжа Насриддиннинг Бухоро шаҳрида қад ростлаган ноёб ҳайкали катта қизиқиш уйғотди.

Маълумот ўрнида, репрезентатив рўйхатга киритилган Ўзбекистон элементларининг умумий сони 11 тага етди. Илгари бу рўйхатга «Бахши», «Лазги», «Палов», «Аския», «Миниатюра», «Наврўз», «Шошмақом» ва бошқалар киритилган эди. Атлас ва адрас тайёрлашнинг анъанавий технологияларини сақлаш бўйича Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази Номоддий маданий мерос объектларини асраб-авайлаш бўйича етакчилар реэстридан жой олган.


Апрель ойида президент раислигидаги туризм соҳасини янада ривожлантириш бўйича ўтказилган видеоселекторда «Андижон полкаси» рақсини ҳам ЮНЕСКО номоддий маданий мерос рўйхатига киритиш бўйича таклиф берилганди.

Эслатиб ўтамиз, июль ойида Ўзбекистон биринчи марта ЮНEСКОнинг Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитасига аъзо бўлганди. Ўшанда мамлакат номзодини қўллаб-қувватлаб, 105 мамлакат овоз берганди.