Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг раиси Аманбай Ўринбоев республика ҳудудида транспорт хизматини кўрсатиш борасидаги ишларни такомиллаштириш ҳамда йўл қўйилган хатоларга бағишланган йиғилиш ўтказди, дея хабар бермоқда Жўқорғи Кенгес матбуот хизмати.

Йиғилишда Омаров Маманбий Аллабергенович Қорақалпоғистон Республикаси транспорт вазири этиб тайинланди. У шу пайтга қадар Ўзбекистон Транспорт вазирлигининг Халқаро алоқалар, логистика ва экспортни рағбатлантириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган.

Бундан ташқари, транспорт хизмати кўрсатиш бўйича ишлар самарали такомиллаштирилмаганлиги ва бошқа бир қатор камчиликларга йўл қўйгани сабабли Қорақалпоғистон транспорт вазирининг ўринбосари ва вазирлик ҳуқуқшуноси лавозимидан озод этилди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг июнь ойида Ахмед Наримбетов Қорақалпоғистон халқ таълими вазири, Гулзира Бахиева эса мактабгача таълим вазири этиб тайинланганди.