Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида 7-синф ўқувчи қиз ўзини осиб ўлдирди, дея хабар бермоқда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати.

Маълум бўлишича, 28 ноябрь куни соат тахминан 17:24 ларда туманда жойлашган 241-мактабнинг 7-«А» синф ўқувчиси Олтинтепа кўчаси, 203-уйда яшовчи 2010 йилда туғилган вояга етмаган З. А. (қиз) яшаш ҳовлисидаги дарахтга ўзини осиб, ўз жонига қасд қилди. Бунга нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълум.

Суд-тиббий экспертизаси Юнусобод филиалининг 29 ноябрдаги дастлабки маълумотига кўра, марҳуманинг ўлими «бўйин аъзоларининг сиртмоқ билан тиқилишидан келиб чиққан механик асфиксия»дан юз берганлиги аниқланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.

Ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги муносабат билдирди. Таъкидланишича. ўқувчи нотўлиқ оилада тарбия олади.

«Отаси А. Д. 2 йил олдин касаллик билан вафот этган. Онаси Л. Д. ишлаш учун Туркия давлатига кетган. Вояга етмаган З. А. кўрсатилган манзилда 2 нафар акаси (бири оилали ва иккинчиси вояга етмаган) билан бирга яшашган», — дейилади хабарда.

«Ўқувчи 24, 26, 28 ноябрь кунлари дарс машғулотларига қатнашмаган, сабаби ўрганилганда ўқувчининг шамоллагани аниқланган. Қиз қўшнилар томонидан яхши тавсифланади. Синф раҳбари ва онаси ўртасида доимий уяли алоқа орқали мулоқот қилиб турилган. Ўқувчилар билан унинг ўртасида ҳеч қандай нохуш ҳолат кузатилмаган», — дейилади муносабатда.