C гуруҳида ушбу тур олдидан Полша терма жамоаси 4 очко билан пешқадам бўлиб турган эди. Шунингдек, Аргентина ва Саудия Арабистони терма жамоаларида 3 тадан, Мексикада эса 1 очко бор эди. 3-тур доирасидаги Полша — Аргентина баҳсида 0:2 ҳисобида аргентиналикларнинг қўлиб баланд келди ва гуруҳда пешқадам бўлиб олишди. Гуруҳда параллел тарзда ўтказилган Саудия Арабистони — Мексика баҳсида эса 1:2 ҳисоби қайд этилди.

Натижада Полша терма жамоасида ҳам, Мексикада ҳам 4 тадан очко тўпланди, аммо тўплар нисбати бўйича полшаликлар бир голга олдинда бўлганликлари учун, кейинги босқичга Полша терма жамоаси йўл олди. Саудия Арабистони ва Мексика терма жамоаси эса ЖЧ-2022 мусобақаси билан хайрлашади.

Полша — Аргентина 0:2

Ушбу турдаги кўпчиликни қизиқтирган «Аргентина плей-оффга чиқадими?» деган саволга аргентиналиклар ўз ўйини билан ажойиб жавоб қайтаришди. Полша — Аргентина баҳси «974» стадионида, 44 089 нафар томошабин қаршисида бўлиб ўтди. Ўйинда тўпга эгалик қилиш бўйича ҳам, зарбалар, паслар, умуман деярли барча кўрсаткичлар бўйича Аргентина терма жамоаси пешқадам бўлди.


Учрашувнинг 37-дақиқасида Полша дарвозаси томон пеналти белгиланди. Аммо Месси Войцех Шенсни қўриқлаётган дарвозани ишғол қила олмади. Ушбу баҳсда ўзи Шенсни Полша терма жамоасини жуда кўп вазиятларда қутқарди. Эҳтимол, Полша дурангга эриша олганида, айнан у учрашувнинг энг зўр футболчиси бўлармиди.

2-таймнинг илк дақиқаларида Аргентина терма жамоаси ҳисобни очди. Голни Мак Аллистер киритди — 0:1. Бу сафар Шенсни қутқара олмади. Бутун ўйин давомида Аргентина терма жамоаси Полша дарвозаси томон жами 12 та аниқ зарба йўллади. Войцех Шенсни 9 марта (!) сейв амалга оширди.


Учрашувнинг 67-дақиқасида ҳисоб 0:2 кўринишига келди. Фернандес узатган тўпни Алварес қойилмақом тарзда дарвозага жойлаб қўйди — 0:2.

Ўйиннинг энг қизиқ томони, параллель тарзда ўтаётган учрашувда ҳам 0:2 ҳисоби қайд этилмоқда. 70-дақиқа ҳолатига кўра, Полша ва Мексикада очколар сони ҳам, урилган ва ўтказиб юборилган голлар сони ҳам тенг бўлиб турибди. Ушбу жамоаларнинг ўзаро учрашувига қараймиз: 0:0 қайд этилган. Демак, агар шу ҳисоб сақланиб қолинадиган бўлса, ҳаммасини фейр-плей қоидалари ҳал қилади. Унга кўра, кейинги босқичга энг кам сариқ ва қизил карточка олган жамоа йўл олади.


Бироқ, иккала учрашувнинг ҳам тугашига ҳали вақт бор. Мексика гол уриб қўйиши ёки Полша ўтказиб юбориши, ёки умуман, полшаликлар гол киритиши, Мексика ўтказиб юбориши ҳам мумкин.

Қолган дақиқаларда Полша — Аргентина учрашувида 0:2 ҳисоби сақланиб қолди. Аргентиналиклар учинчи голни уришга бир неча бор яқин келишди. Ҳакам томонидан ўйинга 6 дақиқа қўшиб берилди. Майдондаги мухлислар ҳам иккала ўйиннинг натижасини кузатишмоқда. Полша — Аргентина баҳси 0:2 ҳисоби билан якунланди. Энди ҳаммаси давом этаётган Саудия Арабистони — Мексика учрашувига боғлиқ бўлиб қолмоқда.

95-дақиқада Саудия Арабистони Мексика дарвозасини ишғол қилди — 1:2! Полшаликлар буни ҳудди ўзлари гол киритгандек нишонлашмоқда. Полша терма жамоаси гуруҳда иккинчи ўринни эгаллаган ҳолда плей-оффга йўл олмоқда.

Плей-офф босқичида Аргентина терма жамоаси Австралия (C гуруҳи, 2-ўрин) билан, Полша эса Франция (C гуруҳи, 1-ўрин) билан тўқнаш келади.

Саудия Арабистони — Мексика 1:2

Саудия Арабистони — Мексика баҳсида кўпчилик Саудия Арабистонидан ғалаба ҳам кутган эди. Бироқ, ўйин тизгинини мексикаликлар ўз қўлига олди ва ҳаттоки плей-оффга йўлланмани қўлга киритиши мумкин эди. Бироқ жамоага озгина омад етишмади.

Ушбу баҳс «Лусаил» стадионида бўлиб ўтди ва учрашувни томоша қилиш учун стадионга 84 985 нафар мухлис йиғилди. Учрашувда Мексика терма жамоаси яққол пешқадам бўлди: тўпга эгалик қилиш бўйича 40% га 60%, аниқ зарбалар бўйича ҳисоб — 2:11. Саудия Арабистони дарвозабони ўйин давомида 8 та сейв амалга оширди.


Ушбу ўйиннинг ҳам 1-тайми голсиз ўтди. Бироқ 2-тайм бошланиши билан, аниқроғи 47-дақиқадаёқ ҳисоб ўзгарди — 0:1. Иккала ўйинда ҳам бир хил дақиқада гол урилди. Плей-офф учун курашаётган жамоалар худди бир-бирини ҳис қилишаётгандек. 53-дақиқада Мексика терма жамоаси 2-голни киритди ва жамоа плей-оффга жуда яқин келмоқда. Фақат тўплар нисбатидаги тенглик ва сариқ карточкалар бўйича Мексиканинг бироз олдинда эканлиги бунга ҳалақит бермоқда. Демак мексикаликларга яна битта гол керак.


56-дақиқада бир зум Лозано гол киритгандек кўринди, аммо ўйиндан ташқари ҳолат қайд этилмоқда. Ҳисоб ўзгармади — 0:2. 87-дақиқада ҳам битта гол офсайд ҳолати сабабли бекор қилинди. Антуна ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетган экан. Мексикаликлар учинчи голни уриш учун бутун жамоа бўлиб ҳаракат қилишмоқда. Ҳакам 2-таймга 7 дақиқа вақт қўшиб берди. Ва… 95-дақиқада Мексика терма жамоаси гол ўтказиб юбормоқда. Ал-Довсарий Очоанинг дарвозасини ишғол қилмоқда! Ҳисоб 1:2. Агар ушбу ҳисоб сақланиб қолса, плей-оффга Полша терма жамоаси йўл олади. Мексикаликлар учун ҳали имкон бор, кейинги босқичга чиқиш учун 1:3 ҳисоби ҳам етарли. Бунинг учун гол уриш керак. Бироқ ушбу драматик учрашуда Мексика терма жамоаси учинчи голни кирита олмади ва мусобақани шу ерда тарк этишмоқда.

Саудия Арабистони ЖЧ-2022`ни қойилмақом тарзда бошлаб, гуруҳда 4-ўринни эгаллаган ҳолда мусобақани тарк этишмоқда. Мексика терма жамоаси эса гуруҳда 3-ўриннни эгаллади. Плей-оффга Аргентина (1-ўрин) ва Полша терма жамоаси йўл олди.