Олий суд раиси Бахтиёр Исломов жиноят ишлари бўйича айрим суд процессларида прокурорлар тортишувчанликни таъминламаётгани, бу ҳаракат амалда йўқ эканини тасдиқлаб, уларни танқид қилди. Бу ҳақда у 26 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Судьялари ассоциациясининг VI съездида айтиб ўтди.

Унинг таъкидлашича, ҳақиқий тортишувчанлик принципи ҳозир таъминланмаяпти. Охирги пайтларда ҳимоячилар фаоллашди. Улар ҳар қандай ишга тайёргарлик билан келиб, суд процессларда керак бўлса, судьяларни ҳам ноқулай вазиятларга солиб қўйишга ҳам ҳаракатлар бўляпти.

«Лекин прокурор процессга келмаса, биз бугун процессни бошқа кунга қолдиришга мажбурмиз, уни ўтказа олмаймиз. Шунда одамлар кимдан норози? Суддан норози. Ҳеч ким прокурор келмагани учун иш қолдирилганини тушунмайди. „Суд бизни сарсон қилди. Бизни чақириб процессни бошламади, кўрмади“ деб айтяпти», — дея таъкидлади у.

Шунингдек, у охирги вақтларда прокурорлар ҳеч қанақа тайёргарликсиз келиб, [ишга тааллуқли ҳужжатларни] ўша ердан ўқиб бераётганини танқид қилди.

«Прокурорлар охирги вақтида қўлтиғига шу НПни берамиз, оддий сўз билан айтганда, ҳеч қанақа тайёргарликсиз келиб, ўша ердан ўқиб [беряпти]. Ўша ерда бирор фаол савол-жавоб йўқ айблов нуқтаи назаридан. Фақат адвокат гапиради. Прокурорнинг фаоллиги йўқлиги сабабли, судьяларимиз айблов нуқтаи назаридан савол-жавобга кириб кетишга мажбур бўляпти. Нимага олиб келяпти бу нарса? Бунинг ҳаммаси одамларнинг, айниқса ҳимоя тарафнинг ҳақли эътирозларига олиб келяпти. Судьянинг холислигига шубҳа пайдо бўляпти. Аслида бундай бўлиши мумкин эмаску», — деди Олий суд раиси.

Эслатиб ўтамиз, аввал президент маслаҳатчиси бўлган Бахтиёр Исломов август ойида Ўзбекистон Олий суди раиси этиб сайланганди.