Бухоро вилоят судида 1−2 июль куни Қорақалпоғистонда юз берган тартибсизликлар бўйича қўзғатилган жиноят иши юзасидан суд жараёни давом этмоқда. Суднинг иккинчи куни, 29 ноябрда Makan.uz интернет-нашри маъмури Лолагул Каллиханованинг кўрсатуви тингланди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар берди.

Каллихановага Жиноят кодексининг 28, 104-моддаси 3-қисми «а» банди (иштирокчиликда қасддан баданга оғир шикаст етказиш), 159-моддаси 4-қисми (Ўзбекистоннинг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 244-моддаси 3-қисми (оммавий тартибсизликлар) ва 244−1-моддаси 3-қисми «а», «б», «г» бандлари (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) бўйича айблов эълон қилинган; прокуратура маълумотларига кўра, у Қорақалпоғистоннинг амалдаги ҳукуматини ағдариб ташлаб, ҳудудда ҳокимиятни эгаллаш мақсадида уюшган гуруҳ ташкил этишда айбланаётган Даулетмурат Тажимуратовнинг «гуруҳи билан бирлашиб, ижтимоий тармоқлар орқали сепаратизм ғоялари билан йўғрилган, аҳолини оммавий тартибсизликка даъват қилувчи материалларни тарқатиб келган».

Каллиханова 1 июль куни Тошкентда бўлиб, Makan.uz Telegram-канали орқали сўнгги видеомурожаатини эълон қилгач, йўқолиб қолганди. Дастлаб хорижий манбаларда унинг вафот этгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалди, аммо бу гап-сўзлар тезда рад этилди. 8 июль куни Бош прокуратура унинг «ҳаракатларида жамоат хавфсизлигига тажовуз қилиш жинояти аломатлари» аниқлангани, у «жиноят иши бўйича гумонланувчи сифатида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушлангани»ни маълум қилди.

Каллиханова ўша видеомурожаатида қорақалпоғистонликларни, жумладан, Ўзбекистон таркибидан ажралиб чиқишга чақирган эди. «Бор билим ва тажрибангизни ишга солиб, Ўзбекистон таркибидан ажралиб чиқишга ҳаракат қилинг. Менинг сизлардан сўрайдиганим, сизлардан ўтинчим шу», — деганди у. Судда берган кўрсатмасида Лолагул Каллиханова нима учун бундай видеомурожаат қолдирганини тушунтириб берди.

«Қаттиқ [қийналдим]… Бу қандай юзсизлик бўлди — одамларни қамаса, интернетни ўчирса, телефонни ўчирса, яна лидер бўлиб чиқаман деган одамни беобрў қилса, бу қандай юзсизлик бўлди, деб видео қилиб юбордим… Мен видеони эмоционал ҳолатда қилдим. [Шундан бошқа] ҳеч қандай [йўл] йўқ деб ўйладим… Ҳеч ким қарамайди, ҳеч ким аралашмайди… Ҳокимият ҳам, Жўқорғи Кенгес ҳам… Мурат Камалов (собиқ Жўқорғи Кенгес раиси — таҳр.) халқ билан ҳеч қачон — энди кечирим сўрайман, [мен билмагандим] — бироқ ҳеч қачон халқ билан сўзлашиб, кўнглига қараб, Мурат оға бизнинг бошлиғимиз [бўлиб]… бир одамга нима [ёрдам қилгани]ни билмайман. Хуллас, шундай бўлди. Даулет оғанинг [аҳволини кўргандан] кейин, шунчаки эмоция остида „суверенитетни олайлик“ деб юбордим… [Шундай] деган мантиқда, билим ва тажрибангиздан фойдаланиб, суверенитетни олинг энди, бўлди, деб айтдим», — деди Каллиханова.

Лолагул Каллиханова, 2022 йил 29 ноябрь. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz»

«Бироқ, ўзим айтяпман-ку, 15 йилдан бери компьютер олдида ишлаб ўтирган одамман, Худойим билади, кўриб турибди… Митинг нималигини кўрган эмасман, Қорақалпоғистондами, Нукусдами, Андижондами… Бундай нарсани кўрмагандан кейин, Даулет оға айтди-ку, 5 июль куни референдум ўтказишга йиғиламиз деб, мен бир қарор ёзилади-да, [унга қорақалпоқларнинг] ҳаммаси имзо қўйиб чиқади, деб ўйладим. Мен шундай нарса бўлади деб ўйлагандим. Шунинг учун айтдим: „суверенитетни олинг“ деб. Бўлди, пишди (тамом бўлди) деб ўйладим, бироқ… Бу видеони ўз каналимга чиқарганимдан кейин… ДХХ ходимлари мени чақирди, келинг деди, уч соат суҳбатда бўлдим, суҳбатда айтиб кетдим, бироқ бу пайтда Нукусда нима бўлди, ундан кейин-чи, ҳеч нарсадан хабарим йўқ. Мен ҳозир тергов жараёнида ҳамманинг кўрсатувларини ўқиб, танишиб ўтирибман, Даулет оғанинг ҳам кўрсатувини ўқидим… Митинг ўтказиш бўйича, бу митинг бўйича хабардор эмасман… Эшикни олдига чиққандан кейин…[митинг аллақачон тугаган], деб ўйлагандим», — деди у.

«Депутатлар ҳам, ҳокимлик ҳам… Интернетнинг ўчирилгани, Ягона порталдан одамлар рўйхатдан ўта олмай, маълумотларни киргизиб беролмагани (Конституцияга Қорақалпоғистонга тегишли моддаларни ўзгартиришга қарши овоз қолдириш учун — таҳр.), ундан кейин одамларни қамаб бошлагани… Ўзимнинг устимдан адолатсизлик бўляпти, деб ҳис қилдим… Даулетмурат чиққанидан кейин, унинг видеосини кўргандан кейин, худди… халқ масаласини олиб чиқиб, халқ билан сўзлашиб, халқ билан… деб, мен буни қўллаб-қувватлайман деб, ёзиб чиқдим, ростини айтаман… Даулет оға адвокат, уни адвокат сифатида танийман, ростини айтсам, халқ орасида обрўси кучли (ёрдам беради), кўп кишиларнинг судларида қатнашиб, ютиб берган. Мен уни қўллаб-қувватлаб пост ёзиб юбордим. Орадан кўп ўтмай, ярим соат ичида… хабари тарқалди, кейин милиция келди… Мен аллақачон чарчаган эдим», — дея қўшимча қилди судланувчи.

Лолагул Каллиханова ўз кўрсатувида қамоқхона шароитлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. «Ўзбекистон қамоқхонасидаги шароитларга келсак, жиноятчини эмас, олимпия чемпионларини боққандек боқади. Урганчга олиб кетди, вой-дод, дейишяпти… Урганчда уч маҳал иссиқ овқат, гўштли овқат беради. Умуман, ҳар ҳафта «постел»ни алмаштириб беради, керак бўлса, кийимингни ювиб, келтириб ҳам беради. Умуман, қийноқ деган нарса, бошқа нарса бўлгани йўқ… Ҳамма нарса бор», — дея таъкидлади у.

Фото: Олий суд матбуот хизмати

Қорақалпоғистондаги воқеалар оқибатида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши вафот этган. Лолагул Каллиханова ўша ҳодисалар оқибатида фарзандларидан айрилган одамлардан кечирим сўради.

«Мен бир нарсадан қаттиқ уяламан. Фарзандларидан айрилган одамлардан кечирим сўрайман. Кеча Қуръон китобни олиб кел деганда рози эдим, Қуръонни ушлаб айтар эдим: бундай уруш бўлишини билмаган эдим, умуман билмаган эдим. Ўйламанг биларди деб, билганимда ҳеч қачон бундай ишни бошламас эдим. Ҳеч қачон „суверенитет“ деган сўзни олиб чиқиб айтмас эдим. Ҳеч қачон ёқламас эдим бундай нарсаларни. Мени кечиринг. Биламан, буни кечириш қийин, бироқ мен… у дунё ҳам, бу дунё ҳам… кечирим сўрайман халқдан, …айрилган, яқинларидан айрилганлар, қўлингиздан келса кечиринг, кечиролмасангиз, ҳеч нарса қилолмайман, бироқ бундай бўлишини билмаган эдим», — деди у.

«Кейин, мен Азамат оға (Турданов) айтганига қўшиламан… Мамлакат олдида жуда уятга қолдим. Қамалган вақтим ўйладим — мени энди қийнайди, бир бало қилади мени, деб ўйладим. Даулет оғани бир нарса қилади энди, қамади-ку, қийнар, азоб берар, деб ўйладим. Ҳеч қандай қийноқ, қийинчилик бўлгани йўқ, ҳеч қандай босим, азоб бериш деган нарса бўлгани йўқ», — дея қўшимча қилди Лолагул Каллиханова.

Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz»

Шунингдек, у прокурорнинг саволларига жавоб берди.

Прокурор: Жўқорғи Кенгес раиси ва депутатларини ишдан кетишини талаб қилиш учун сизда қандай асослар бўлган?

Лолагул Каллиханова: Аввал айтилганидек, Жўқорғи Кенгес депутатлари жуда пассив бўлган. На фуқаролик, на депутатлик позициясини билдирган. Шунчаки, пассив одамлар бўлган, холос. Агар улар халқ билан бироз маслаҳат қилганида, бундай нарса бўлмасди. Шунинг учун мен шундай деб айтганман. Бу [хатти-ҳаракатим] қонунбузилиши эканлигидан хабарим бор.

Прокурор: Қонунчиликда Жўқорғи Кенгес раиси ва депутатларнинг ваколатларини муддатидан аввал тугатилишига оид қандай ҳуқуқий нормалар борлигини биласизми?

Лолагул Каллиханова: Билмайман.

Прокурор: Сиз Жўқорғи Кенгес раиси ва депутатлари ишдан олинишини талаб қилиб, Қорақалпоғистон Республикасининг референдум асосида Ўзбекистон Республикаси таркибидан ажралиб чиқиши ҳақида қилган видеомурожаатингиз ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига қандай таъсир қилишини хоҳлаган эдингиз?

Лолагул Каллиханова: Биринчи навбатда бир нарсани ўйладим: бу нарсаларга Жўқорғи Кенгес депутатлари ва юқорида ўтирганлар эътибор берсин, катта нарсага айланиб кетмасидан тўхтатилсин. Ҳақиқатан ҳам мен [бу жараён] катта нарсага айланиб кетишини хоҳламадим. Халқ кўтарилиб кетади, деб ўйладим. Бироқ бу даражада уруш бўлиб кетади, деб ўйламагандим. ОАВда чиққан ҳар бир нарсани давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, барчаси ўрганиб чиқиши керак. [Видеомурожаатим]ни улар шундан кейин қандайдир муносабат билдирар, халқнинг олдига чиқар, деган мақсадда қилганман.

Олдин ўйла, кейин сўйла, дейишади… Ҳозир, тергов вақтида ўтириб ўйлаб, бу [видеомурожаат] одамларга қандай даражада ёмон таъсир қилганини, агрессияни, радикал фикрларни уйғотиб юборганини энди тушуняпман. Рости, [видеомурожаатни] эътиборни тортиш учун, раҳбарлар бироз эътибор берсин, деган мақсадда қилганман.

Прокурор: 28 июнь куни эрталабки соат 7:31 да «Makan.uz» Telegram-каналига Даулетмурат Тажимуратов иштирокида 22 адвокат йиғилиши бўйича видеоматериал жойлаштирилган. Тажимуратов қатнашган бу йиғилиш материалини сизга каналга жойлашни ким тавсия қилганди?

Лолагул Каллиханова: Ҳеч ким тавсия қилмаган. Каналимда кўрган бўлсангиз, Қорақалпоғистон Республикасида бўлаётган барча нарсани флешмоб видео бўлсин, фикр бўлсин, деб [каналга] жойлаштириб келганман. Ҳеч ким тавсия қилмаган. Ўз ташаббусим билан жойлаштирганман.

Прокурор: Бу видеоматериал Тажимуратов тегишли каналда 29 июнь куни эълон қилинган. Сиз бу материални [қандай қилиб] бир кун олдин жойлаштиргансиз?

Лолагул Каллиханова: Менга Телеграм-бот орқали келган эди. Makanuzbot деган бот бор, шунга келган нарсани чиқарганман.

Прокурор: Бу видеоматериални чиқаришдан аввал уни охиригача кўриб, мазмун-моҳиятини тўла англадингизми?

Лолагул Каллиханова: Энди, очиғи, адвокат бўлганидан кейин, бир нарсани билмаса, гапирмаса керак, деб ўйладим.

Прокурор: Бундан кейин, 1 июль куни «Makan.uz»да Тажимуратовнинг кейинги (намойиш ўтказишга даъват қилган — таҳр.) видеомурожаатини каналга жойлаштиришни ким сизга тавсия қилди?

Лолагул Каллиханова: Бу ҳам ботга келганди. Афсуски, ботга кўп одам ёзгани учун эслаб қололмадим.

Прокурор: Бу видеоматериални каналингизда эълон қилишдан мақсад нима эди?

Лолагул Каллиханова: Қорақалпоғистонда шундай воқеа бўляпти, халқ шу даражага етиб келди, деган [фикрни етказиш] мақсадда [жойлаштирганман].

Прокурор: Тажимуратовнинг қорақалпоққа бош бўлувига розиман, деганда нимани назарда тутгансиз?

Лолагул Каллиханова: Конституцияга ўзгартишлар киритилаётган вақтда халқ номидан гапирадиган бир одам керак-ку, шу маънода айтгандим.

Прокурорнинг саволларига жавоб бериб бўлгач, Каллихановага Даулетмурат Тажимуратовнинг адвокати саволлар берди.

Тажимуратовнинг адвокати: Даулетмурат Тажимуратов сизга интернетдаги ўз ресурсингизга материаллар жойлаштириш ҳақида топшириқлар берганми?

Каллиханова: Мен у билан фақат шу йилнинг февраль ойида гаплашганман, шундан сўнг уни кўрмаганман ҳам, яқин мулоқотда ҳам бўлмаганман.

Тажимуратовнинг адвокати: Демак, сизга ҳеч қандай топшириқлар берилмаган, мажбуриятларни бўлиб олмагансизлар ва ўзаро тил бириктирмагансизлар, шундайми?

Каллиханова: Топшириқлар олмаганман, ҳеч қандай гуруҳлар иштирокчиси бўлмаганман, Даулетмурат Тажимуратов ташкил этган гуруҳларнинг аъзоси эмас эдим.

Даулетмурат Тажимуратов, 2022 йил 29 ноябрь. Фото: Абдулла Ёдгоров / «Газета.uz»

Адвокатдан сўнг, Тажимуратовнинг ўзи Каллихановага саволлар билан мурожаат қилди. Хусусан, у Каллиханованинг биринчи терговда берган кўрсатувидан иқтибос келтириб, «агар Тажимуратовнинг ғаразли мақсадларидан бохабар бўлганимда эди, унинг ҳаракатига қўшилмаган бўлардим», деганини, нега терговда бундай кўрсатма берганини, унинг мақсадларини қаердан билиши мумкинлигини сўради.

Каллиханова бунга жавобан биринчи кўрсатмасини Тажимуратовнинг дастлабки сўроқларда берган жавоблармни ўқиб, шундан хулоса қилган ҳолда берганини, Каллихановага Тажимуратовники деб кўрсатилган кўрсатмаларда у уюшган гуруҳ тузгани, ака-укаларини туманларга юборгани ҳақида сўз борганини таъкидлади.

Суд ўз ишини давом эттирмоқда. Суд жараёнини «Газета.uz»нинг YouTube’даги канали орқали жонли эфирда кузатиб бориш мумкин.