2022 йилнинг ўтган ўн ойи давомида ички ишлар вазирлиги тизимидаги 284 нафар ходимлар турли даражада тан жароҳати олиб, лавозимидан бўшатилган. Бу ҳақда 1 декабрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Таъкидланишича, ички ишлар органлари ходимлари орасида кундалик ёхуд тунги хизмат фаолияти давомида турли бахтсиз ҳодисалар ва фуқаролар томонидан қаршилик кўрсатилиши оқибатида вафот этиш ҳамда тан жароҳати олиб ногирон бўлиб қолиш ҳолатлари тез-тез учрамоқда.

ИИВ вакили Ҳамза Махсумовнинг айтишича, 2022 йилнинг 10 ойида 25 нафар ходим: 9 нафари юл-транспорт ҳодисаси оқибатида, 16 нафари хизмат вазифасини бажариш вақтида вафот этган. Турли ҳолатлар бўйича 6 мингдан ортиқ ходимга интизомий жазо қўлланилган.

Шунингдек, 284 нафар ходим турли даражада тан жароҳати олиб, аксарияти олган тан жароҳати оқибатида орттирилган ногиронлик ҳолати ёки хизматга яроқсизлиги сабабли соғлиғининг ҳолатига кўра ички ишлар органларидан бўшатилган.