Жиноят ишлари бўйича Мирзо-Улуғбек туман судида 100 га яқин шахсни алдаб, улардан 55 нафарини хорижга сотиб юборган 3 нафар фуқарога суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Овоза» информацион дастуридаги лавҳадан маълум қилинди.

Аниқланишича, одам савдоси билан шуғулланувчи фирибгарларга ишонган фуқаролар сони қарийб 100 кишини, шулардан 55 нафари ишга жойлаштириш мақсадида сотиб юборилган, 45 нафари эса корхона ходимларига ишониб, алданган.

Аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида очилган хусусий корхона вакили ва Саудия Арабистони фуқароси сўроқ қилинганда улар ўз фаолиятини «қонун доирасида» бажарганини айтиб, айбни тан олмаган.

«Биз уларни бу ердан кетиш, ҳамма харажатларини қоплаб туриб, ишга жойлаштирганмиз. Хусусий бандлик 500 та жойлаштирибди, шундан 369 таси иш очилгунгача бизни ташкилотдан кетган. Бу қанақаси… Бу демакки… кимдир юқорилаб, ўсиб кетаётган бўлса, синдириш бўляпти», — дейди судланувчилардан бири.

Жиноий гуруҳ иштирокчиси бўлган Саудия Арабистони фуқароси ҳам «ҳеч қандай қонунга хилоф иш қилмагани, барча ишлар расмий амалга оширилгани»ни айтди.

Аммо видеолавҳадан келтирилган аудиоёзувларда корхона ходими дейилаётган бошқа бир аёлга жўнатган ёрдам сўраб мурожаат қилгани акс этган.

«Опа, илтимос, ёрдам беринглар, соат беш бўлди, учдан бери шу аҳвол. Икки соатдан бери [бу ерда] музлаб қолдим», — дейди жабрланувчи аёл.

Суҳбатдаги аёл унга «сизларнинг паспортингизни бермайди. „бўлди опа, бўлди опа“, деявермагин, қилар ишни қилиб, драма ўйнаб ўтирасизлар. Бўптими?» — деб жавоб қайтарган.

Айбланувчилар эса «ишдан қайтишни хоҳлаганлар доимо олиб келинган» дея фикр билдирди.

Суд жиноятларчиларга ҳукм ўқиди. Унга кўра, судланувчи ЖК 135- модда 3-қисми «г» банди, 168-модда 4-қисми «а» банди ва 189-модда 1-қисми билан айбдор топилиб, ЖКнинг 59−61-моддаларига асосан, 8 йил 1 ой озодликдан маҳрум этилди.

Қолган икки нафар судланувчиларнинг ҳар бирига узил-кесил 8 йил озодликдан маҳкум қилиш жазоси тайинланди.