30 ноябрь куни D гуруҳидан жой олган 3-тур баҳслари бўлиб ўтди. Тунис — Франция баҳсида кутилмаганда тунисликлар 1:0 ҳисобида ғалабага эришишди. Ўйиндан олдин Тунисда 1 очко бор эди. Умуман гуруҳда барча жамоада плей-оффга чиқиш имкони бўлса-да, бундай имконият Австралияда яҳшироқ эди. Чунки улар 2-турда Тунисни мағлуб этиб 3 очко ишлаб олишган эди. 3-турда Данияни ҳам 1:0 ҳисобида енггач, кейинги босқичга аввалдан 6 очко йиғиб қўйган Франция терма жамоаси ва австралияликлар йўл олишди.

Тунис — Франция 1:0

Тунис — Франция учрашуви Education City стадионида 43 627 нафар томошабин қаршисида бўлиб ўтди. Ўйинда иккала жамоа ҳам бир-бирининг дарвозасига 3 тадан аниқ зарба йўллашди.

Тунисликлар 8-дақиқадаёқ гол киритишган эди, бироқ ўйинда офсайд ҳолати қайд этилди. Шу билан биринчи таймда гол содир бўлмади. Франция терма жамоаси ўзининг энг ёмон ўйинини ўтказди ва 58-дақиқада ўз дарвозасидан гол ўтказиб юборди. Голни Франциянинг «Монпелье» жамоаси ҳужумчиси Хазри киритди — 1:0, Тунис олдинда.


73-дақиқада Антуан Гризман заҳирадан ўйинга тушди. Иккинчи тайм охирида ҳакам ўйинга 8 дақиқа вақт қўшиб бергач, Гризманн 98-дақиқада Тунис дарвозасини ишғол қилди. Сал ўтиб ҳакам ўйинни якунловчи хуштагини чалди. Аммо кейин ҳакамга VAR ҳакамлари мурожаат қилишди. Маълум бўлишича, Гризманн голдан олдин ўйиндан ташқари ҳолатда бўлган. Гол бекор қилинди. Ҳисоб 1:0 лигича қолди.


Тунис терма жамоаси ғалаба қозонган бир пайтда, параллель тарзда ўтказилаётган учрашувда Австралия Дания устидан ғалаба қозонди. Демак, Тунисда 4 очко, Австралияда 6 очко. Австралия плей-оффга йўл олади, Тунис эса гуруҳда 3-ўринни эгаллаган ҳолда ЖЧ`ни гуруҳ босқичида якунлайди.

Франция терма жамоасида тўплар нисбати яхши бўлгани сабабли, 1-ўринни эгалламоқда. Французлар плей-оффда C гуруҳида 2-ўринни олган жамоа билан тўқнаш келишади. Гуруҳда ким 2-ўринни олиши эса Полша — Аргентина ҳамда Саудия Арабистони — Мексика баҳсларидан кейин ҳал бўлади.

Австралия — Дания 1:0

Австралия — Дания баҳси бошланишидан олдин Австралия 3 очкога, Дания эса 1 очкога эга эди. Демак плей-оффга чиқиш учун данияликларда ҳам имконият бор эди. Баҳсда Австралия терма жамоаси 4 та, Дания 3 та аниқ зарба йўллашган.

Ушбу учрашув «Ал-Жануб» стадионида бўлиб ўтди ва уни томоша қилиш учун 41 232 нафар мухлис ташриф буюришган.

1-таймда гол кўрмадик, жамоалар дарвозага йўл топа олишмади. Ўйиннинг 61-дақиқасида Лекки Австралияни ҳисобда олдинга олиб чиқди — 1:0! Шмейхел бу сафар зарбани қайтара олмади.


Айни гол киритилишидан 2 дақиқа олдин Тунис ва Франция қарама-қаршилигида тунисликлар гол киритишди. Демак, энди дуранг Австралия учун ҳам, Дания учун ҳам қулай эмас. Дания плей-оффга чиқиш учун 2 гол уриши керак. Астралия эса ушбу ҳисобни сақлай олса етарли.

Ҳакам 2-таймга 6 дақиқа вақт қўшиб берди. Аммо ҳисоб 1:0 лигича сақланиб қолди. Австралия терма жамоаси ўз мақсадига эришди.

Австралия D гуруҳида 2-ўринни эгалламоқда. Демак, австралияликлар плей-офф босқичида C гуруҳи пешқадами билан тўқнаш келишади. Бу ҳатто Аргентина бўлиб қолиши ҳам мумкин. Ёки Саудия Арабистони… Ёки Полша. Кузатамиз.