30 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев ерларни аукцион орқали сотишни соддалаштиришга оид таклифлар тақдимоти билан танишди, дея хабар бермоқда унинг матбуот хизмати.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида ҳукумат қарори қабул қилинганидан буён, яъни 2022 йил февраль-октябрь ойларида тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун Yerelektron ахборот тизими орқали 48 мингта ер участкаси аукцион савдоларига чиқарилди. Юридик ва жисмоний шахслар фойдаланиб келаётган 5 мингга яқин ер участкасини хусусийлаштириш бўйича ижобий хулоса берилди.

Шу билан бирга, амалдаги ишлар таҳлили бу тизимда айрим камчиликлар борлигини кўрсатди. Масалан, аукционга чиқариш таклиф этилган 12 мингтадан зиёд участка қишлоқ хўжалиги ерларида ёки муҳофаза ҳудудда жойлашганлиги аниқланган. Бўш ер участкалари Yerelektron ахборот тизимига фақат қурилиш бўлимлари томонидан киритилаётгани сабабли, ҳамма бўш ерларни топиш жараёни тўлиқ қамраб олинмаяпти. Шу боис бу ишларни ҳудудий қурилиш бўлимлари ва кадастр органлари биргаликда амалга ошириши таклиф этилмоқда.

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги директори Фаррух Пўлатовнинг «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида эндиликда кадастр идоралари ҳам ер топиб, аукционга қўйиши ҳақида гапирди.

Амалиётда қийинчилик туғдираётган яна бир муаммо — ерларни аукционга чиқариш босқичлари кўплиги. Ҳозирги кунда бу 13 та босқичдан иборат бўлиб, ижара ҳуқуқи билан ер олишда 48 иш куни, мулк ҳуқуқида 74 иш кунигача вақт кетмоқда. Шу боис ерни аукционга чиқариш босқичларини 8 тага тушириб, муддатларини тегишлича 16 ва 22 иш кунигача қисқартириш мумкинлиги айтилди.

Айрим шаҳарчаларнинг бош режаси йўқлиги ҳам жараённи секинлаштирмоқда. Шунинг учун бундай жойларда ерларни ҳудудий архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши билан келишган ҳолда, мастер-режа асосида аукционга чиқариш таклифи билдирилди.

Кичик саноат зоналарининг ҳудуди эса аниқ. Шу боис улардаги ерларни бош режада назарда тутилган лотларга мувофиқ, содда тартибда тадбиркорларга бериш зарурлиги таъкидланди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги раҳбарининг сўзларига кўра, май ойидан буён 1500 нафар фуқаро ва тадбиркор ўз ерларини хусусийлаштирган.

Ҳозирда аҳоли ўзи фойдаланиб келаётган ерларни хусусийлаштиришнинг тўлови йиллик ер солиғининг 20 баравари миқдорида. Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда берган кўрсатмаларига мувофиқ, бу қиймат Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида ер солиғининг 10 баравари, бошқа ҳудудларда 5 баравари миқдорида белгиланмоқда.

Давлат раҳбари таклиф этилган чора-тадбирларни маъқуллаб, аҳоли ва тадбиркорларга енгиллик яратиш, ерлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича қўшимча топшириқлар берди.