30 ноябрдан 2 декабргача пойтахтдаги «Ўзэкспомарказ» Миллий кўргазмалар мажмуасида «Ипак йўлида туризм» 27-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси ўтказилди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар қилмоқда.

Ярмарка Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги, «Миллий PR-маркази» ДУК, The says lot компанияси томонидан ташкиллаштирилмоқда.

Бу йилги «Ипак йўлида туризм» Тошкент халқаро туризм ярмаркасида дунёнинг 30 мамлакатидан 300 нафардан ортиқ соҳа вакиллари иштирок этмоқда. Шунингдек, 20 мингдан зиёд маҳаллий, МДҲ давлатлари ва европалик меҳмонларнинг ташриф буюриши кутилмоқда.


Уч кун давомида форум ва сессиялар, B2B учрашувлар, маҳорат дарслари, кўргазмалар, шунингдек, ярмарка тарихида биринчи марта маҳаллий ҳамда халқаро майдондаги дизайнерлар иштирокида модалар намойиши бўлиб ўтади.

Такидлаш керакки, ярмарка доирасида ташкил этилган халқаро кўргазмада Франция, Япония, Малайзия, Таиланд, Жанубий Корея, Россия, Қозоғистон, Беларусь, Озарбайжон ва бошқа давлатларнинг туризм маъмуриятлари ўз миллий стендлари билан қатнашмоқда.

Бундан ташқари, халқаро ярмарка доирасида гастробозор ҳам ташкил этилди. Унда нуфузли халқаро ва миллий мутахассислар иштирокида форум ва сессиялар, халқаро ошпазларнинг маҳорат дарслари ўтказилмоқда. Шунингдек, ярмарка тарихида илк бор Ўзбекистон ҳунармандларининг кўргазмаси ташкил қилинди ва унда мамлакат маданий меросини намойиш этувчи халқаро ва миллий дизайнерлар иштирокида нафақат кийим-кечак, балки заргарлик буюмлари ҳам намойиш этилмоқда.


Ярмарканинг биринчи кунида Туркий Кенгаш давлатларининг туризм пойтахти мақоми Қўқондан 2023 йилда Озарбайжоннинг Шемахи шаҳрига ўтиши муносабати билан туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов рамзий калитни Озарбайжон Давлат туризм агентлиги раиси маслаҳатчиси Кенан Гулузадега топширди.

Шунингдек, ярмарка майдонларида Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Швейцариянинг Facetime Management Service (FMS) компанияси ўртасида Швейцария меҳмондўстлик академияси стандартларини Ўзбекистондаги туризм инфратузилма объектларида жорий қилиш бўйича англашув меморандуми имзоланди.

Меморандумга кўра, Ўзбекистондаги туризм инфратузилмасига тааллуқли бўлган хизмат кўрсатиш объектларида швейцарча таълим тизими асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилиши кўзда тутилган.

Фото: Туризм ва маданий мерос вазирлиги.

Маълумот учун, «Ипак йўлида туризм» халқаро кўргазмаси 1995 йилдан буён ҳар йили БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) кўмагида ўтказиб келинмоқда.