Salam Air авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам авиақатновларни амалга ошириш учун рухсатнома олди, дея хабар бермоқда «Ўзавиация» агентлиги матбуот хизмати.

Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги ҳаво қатнови тўғрисидаги ҳукуматлараро битим асосида Salam Air авиакомпаниясига 30 ноябрда парвозларни амалга ошириш учун эксплуатацион рухсатнома берилди.

Қатновлар Маскат — Ташкент — Маскат ва Маскат — Наманган — Маскат йўналишларида мунтазам рейслар йўлга қўйилади. Авиакомпания парвозларни А320 ва А321 ҳаво кемаларида амалга оширади.

Эслатиб ўтамиз, 18 ноябрь куни Salam Air авиакомпанияси Маскат — Наманган — Маскат йўналиши бўйича янги парвозлар қатновини йўлга қўйганди. Жума куни компаниянинг А-320 русумли самолёти Намангандан Маскат шаҳрига 184 нафар йўловчини олиб кетганди.

Маълумот учун, Salam Air нархлари арзонлаштирилган билетга эга лоукостер компания ҳисобланади. У 2016 йилда ташкил этилган. Ҳозирда 33 та йўналишда Яқин Шарқ, Осиё ва Европа давлатларига парвозларни амалга оширади.