Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

«Заҳмати кўп, маоши ҳаминқадар, тарихи узун касб эгаси»

Почтальонлар қандай ишлайди?
«Газета.uz» янги — «Профессионал» номли лойиҳани бошлади. Мазкур мақолалар туркумида баъзан эътибор берилмайдиган, лекин заҳмати ва масъулияти бошқаларники билан баравар, ҳаттоки ундан ҳам ортиқ касб эгаларининг фаолияти ҳақида батафсил ҳикоя қилинади.

Илк қаҳрамонларимиз — эл орасида почтачи сифатида танилган Икромовлар оиласи.
Оқил Икромов 23 йилдирки Сағбон-Фаробий кўчалари кесишмасидаги «Тошкент почтамти» филиали 2-алоқа бўлимида почтальонлик қилади. У алоқа соҳасида 40 ёшида иш бошлаганига қарамай, аслида бу касбга у қадар бегона эмасди. Раҳматли онаси Ўктам ая Шайхонтоҳурдаги 169-сонли почта бўлимидан пенсияга чиққан, кейинчалик рафиқаси Сайёра Икромова қайнонасининг ишини давом эттирганди.

Бир куни Сайёра опа 2-алоқа бўлимида очилган бўш почтальoнлик ўрнини турмуш ўртоғига маълум қилади. Оқил ака у пайтлари дўконда сотувчи эди. Болалигидан онасига хату газета ташишда, ҳужжатларни тўғрилашда ёрдам бериб ўсганига бу имкониятдан фойдалангиси келди. Уч ойлик синов муддати ўтгач, сағбонликларга пенсия ва хатлар ташиш Оқил Икромовнинг доимий ишига айланди. «Газета.uz» почтальон Икромовлар оиласи ҳақида ҳикоя қилади.
Сайёра ва Оқил Икромовлар.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Иккинчи алоқа бўлимида жами беш почтальон ишлайди. Ҳафтада беш кун 8:00 дан – 17:00 гача, шанба куни 13:30 га қадар иш, якшанба эса дам. Одатда, Ўзбекистон Марказий почтаси алоқа бўлимларига почталарни кунида икки маҳал: эрталаб 9:00, тушдан сўнг 14:00 га қадар жўнатади. Баъзан кечикиши ҳам мумкин. 25 октябрь санасида шундай бўлди. Алоқа бўлимидагилар пешингача почталарни кутишди.

Бу муддатда ҳамма қатори Оқил ака ҳам ёзув-чизув ишлари билан банд эди. Орада ишга оид ўзаро суҳбатлар ҳам бўлиб турарди. Кимдир «Бугун хат оз бўлармикан-а?», деган хавотирли савол берса, яна кимдир «Ҳаммасига улгурармиканмиз?», деб сўрарди.
реклама
реклама
Гурунгдаги муштарак мавзу эса бугун қайси почтальонга кўпроқ жарима, қайсинисига эса обуна келаётгани ҳақидаги тахминлар эди. Ҳамманинг ўзига тақсимланган кўчалари бор. Оқил аканинг чекига Форобий 2-беркдан 12-берк кўчагача бўлган қисм тушган. Орада Карнавал, Лангар, Муҳокама, Нурафшон кўчаларига ҳам кириб чиқади.
Почталар ҳам келди. Кундалик газеталарнинг нашри кечиккани сабаб, эрталабки почталар тушга яқин тайёр бўлган, йўллардаги тирбандлик эса кечикиш нисбатини янада оширган экан. Дастлаб қабул қилиб олинган почталар рўйхатдан ўтказилди, планшетли хатлар сканерланиб, конвертлар муҳрланди. Беш почтальон ўз ҳудудига тааллуқли жўнатмаларни ажратиб, манзиллар кетма-кетлигида дафтарига рўйхатлаб чиқди.
Оқил Икромовнинг айтишича, авваллари почтальонларнинг асосий вазифаси пенсия етказишдан иборат бўлган. Ҳозир йўл ҳаракати қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ жарималар сабаб ЙПХдан келадиган хатлар жуда кўпайиб кетган. Кунига Оқил аканинг бир ўзи 40-50, баъзан 70-80 талаб жарима хатини эгасига етказаркан.

Яна коммунал тўловлардан қарздорлик, суд чақирувлари, кредитларнинг кечиккани ёки тўланмагани ҳақида огоҳлантиришлар ҳам бўлади. Бошқа давлатлардан буюртмалар, газета-журналларга обуналар эса ўртача. Телефон, интернет туфайли мулоқот хатлари деярли учрамайди. Гоҳ-гоҳ қамоқхонадан жўнатиладиган мактублар бундан мустасно.
Алоқа бўлими биносининг ташқари қисмида хат ташлаб кетишга мўлжалланган қути.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Почтальоннинг иш столи.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Ҳужжатлаштириш ишлари ниҳоясига етгач, почтальонлар сарҳисобни бошлашди. Бировига жарималар кўп тушган бўлса, кимгадир газета-журнал. Оқил акага эса фақат 16 та жарима хати тушганди.

У полиетилен пакетга почталарни солиб йўлга чиқди. Айтишича, почтальонларга махсус халта берилган, лекин у ундан фойдаланмайди. Сабаби хатжилдларни енгилроқ сумкада ҳам ташиш мумкин. Махсус сумка оғирроқ жўнатмаларни ташишга қулай.
Оқил Икромов почталарни тарқатиш учун полиетилен пакетга солиб, тайёрлаб қўйган.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Оқил ака почталарни пиёда етказади. Бир кунда 5-6 километрлик йўлни яёв босиб ўтади. Почтальонга аввал велосипед, кейин эса скутер берилган. 2022 йил октябрининг ўрталарида скутерларни «А» тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасисиз бошқаришга тақиқ қўйилганидан бери яна пиёдага айланган.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
«Энди иш бошлаганимда ҳам яёв таширдим. У пайтлари ёш, куч-қувватга тўлган даврим эсмасми, пиёда юриш ҳеч оғирлик қилмасди. ЙПХ хатлари кўпайиб кетгач, 2018 йили велосипед беришди, 2 йил фойдаландим. 2020 йил куз пайти скутер таклиф қилишди. Аввалига хоҳиши борлар олди, кейин аёлларга ҳам беришди, шу билан ҳозир Тошкентнинг ўзида почтальонларга 70 тача скутер берилди-ёв», – дейди у.
Икки йил фойдаланиб, скутер жуда бизбоп транспорт эканини билдим. Энди тўсатдан пиёда юришга ўтиш бироз қийнаяпти, тез-тез чарчаяпман. У жуда камчиқим транспорт ҳам. 220 вольтли электрдан қувват олади, бунинг учун ҳеч қанча пул сарфланмайди. 6 соат қувватлантиришга қўйсам, тўлади, бир марталик қувват 100 км, менинг ишимда 5 кунга етади.

Оқил Икромов
«Ҳозир ҳайдовчилик гувоҳномаси масаласини раҳбарият ҳал қиляпти, ўқигин деса, ўқиймиз. Велосипеднинг ҳам ўзига яраша оғирлиги бор. Унда мувозанатни ўзингиз ушлаб туришингиз керак, ҳаракат қилганда куч сарфлайсиз, чарчайсиз, скутерда эса энергия сарфи йўқ. Фақат тормоз, газ, шуларни босасиз, холос», – дейди Оқил ака.
Оқил Икромовнинг скутери. Почтальон айни дамда ундан фойдаланмаётгани учун уйида сақлаяпти.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
23 йилдан бери бир манзилда почтальонлик қилаётган қаҳрамонимиз қаерда кимнинг уйи борлиги, қайси кўчадан кейин қайсига кириш кераклигини яхши билади. Дафтарида ёзилган манзил кимники эканини тезда уқиб, «фалончи аканинг уйига», дейишидан бу ер ўз маҳалласидек маълумлигини фаҳмлаш қийин эмас.

Форобий кўчаси бўйлаб кирарканмиз, йўлда учраганлар Оқил ака билан қадрдонидек саломлашарди. Ёши каттароқлар «Оқил, яхшимисан, пенсия олиб келдингми?», деса, ёшларнинг ҳаммаси «Оқил ака, бизга “штраф” йўқми?», дерди. «Йўқ» деган жавобни олганда юзи ёришиб, қўлини кўксига қўйиб, «раҳмат-раҳмат», дея миннатдорлик билдиришарди.

Оқил аканинг айтишича, 2016 йилдан бери пенсияларни почтальонлар тарқатиши тўхтатилган. Бу ҳақда кўпчилик хабардорлигига қарамай, почтальонни кўриши билан «пул олиб келди» деган хаёлга боришади.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Оқил ака дафтаридаги рўйхатига қараб бирин-кетин хатларни тарқата бошлайди. Уйдан кимдир чиқмаса ё дарвоза ёпиқ бўлса, тирқишидан қарайди, ичкарида одам бор-йўқлигини текширади. Остонада оёқ-кийим бўлса ёки у-бу кимнинг шарпаси сезилса, дарвозани қаттиқроқ тақиллатади.

Шунда ҳам биров чиқмаса, қўшни ёки ўткинчилардан хонадонда одам бор-йўқлиги, яшаш-яшамаслиги ҳақида сўрайди. Агар улар ҳам ҳеч ким йўқлигини тасдиқласа, махсус қоғозга почта келгани, уйда ҳеч ким бўлмагани учун беролмагани, почтани олиш учун телефон қилишлари мумкин бўлган рақамни ёзади-да, дарвоза тагида қолдиради. Уй эгалари қоғозни кўриб, алоқага чиқишганда қай пайт кўришиш ўзаро келишилади ва Оқил ака почтани эгасига топшириш учун ўша уйга қайтадан келиб кетади.
У кўп қаватли турар жойларга борганда аксар мижозлар уйида бўлмаслиги, ижарачилар яшаш манзилларини тез-тез алмаштириши сабаб оворагарчиликлар бўлишини айтади.
«Қайсидир йил Зарқайнар кўчасида бир аёлнинг уйи “снос”га тушиб, бузилган, уй ҳам беришмаган, компенсация пули ҳам. У ҳокимият, бошқа органларга шикоят қилган, аёлнинг номига жавоб хатлари келганда бузилиб кетган уйининг манзили кўрсатиларди. Аёл эса у ерда яшамайди. “Зарқайнар”даги танишларимизга уни кўриб қолишса, номига хат келганини айтиб қўйишларини сўрадик. Қанчадир вақт ўтиб, бунинг дарагини топган аёл рақамини ташлаб кетди. Шундан кейин қачон хат келса, ўзига алоқага чиқади, биз манзилини билиб, хатларни етказамиз», – дейди Оқил Икромов.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Почтальон конвертларнинг ичини очиб кўриши мумкин эмас. Фақат хатнинг қандай мазмунда эканидан хабари бўлади, холос. У почталарни алоқа бўлимига келганидан сўнг 3 кун ичида етказиб бериши шарт.
Келган хатларни йўқотмасдан, вақтида, ичини очмасдан етказиб беришни бўйнимизга олганмиз. Биласиз, ҳозир хатлар елимланади, яхши ёпишмай очилиб қолиши ҳам учраб туради. Вазиятга қараб иш тутамиз. Агар офиснинг ўзида билиб қолсак, елимлаб қўямиз, олиб борганда кўзимиз тушса, мижозларга яхши елимланмаганидан очилиб қолганини тушунтирамиз

Оқил Икромов
Почталарни етказишда муҳимлик қоидасига амал қилинади. Хабарномали хатларни келган куниёқ элтиб бериш шарт. Чунки уни юборган тарафга етказиб берилгани тўғрисида алоҳида хабарнома юборилади. Бунинг учун жўнатаётган тараф қўшимча пул тўлаган бўлади. Кейин эса ЙПХ жарималари, тўловларга оид ва суд хабарлари тарқатилади. Жарималар юборилган кундан бошлаб 15 кун ичида тўланса, 30 фоизли чегирмалар бўлади, шунинг учун кечикиши мумкин эмас. Агар почтальон 15 кундан кечикиб етказиб берса, 30 фоизли чегирмани ўз ёнидан тўлаб беради.
«Газеталар кунлик бўлса, 5 кун чиқади, журналлар эса асосан ойда бир. Биз 6 кун ишлаймиз, 5 кун газета келаркан, уларни алоҳида ажратиб, ўша куннинг ўзида олиб бориб беришга ҳаракат қиламиз. Ишлар жуда кўпайса, белгиланган уч кун ичида бўлади, 10, 15 кунлаб қолиб кетиши бизнинг алоқа бўлимида учрамаган. Почтальонлар кеча ишга келиб қолмаган, тажрибамиз етарли, мижозларнинг ҳаққини етказиш масъулиятини ҳис қиламиз», – дея обуналарни етказиб бериш тизими ҳақида гапиради Оқил ака.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Сўнгги йилларда почтальонларга фойдаланиш учун планшетлар берилган. Улар планшетда жўнатмани етказиб берганининг исботи сифатида мижознинг фотосурати ва бармоқ имзоларини олишади. Планшетларнинг яна бир қулай тарафи жарима, кечиккан кредитлар ёки коммунал тўловлар учун ўша ернинг ўзида тўлов қилиниши мумкин. Бунинг учун почтальон планшетидаги «Мунис» дастурига киради ва керакли штрих кодларини териб, суммани киритади, тўлов амалга оширилгани ҳақидаги чекни чиқариб ҳам беради.
реклама
реклама
«Бу ҳаммага қулай. Жарималар тўланиши керак бўлган жойга эрта тушади, одамлар қарзидан вақтлироқ қутулади, биз эса бир манзилга яна хат кўтариб келишимизга тўғри келмайди», – дейди Оқил ака.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Унинг таъкидлашича, бу қулайликдан ҳамманинг ҳам хабари йўқ. Кимга қарздорлик ёки жарима ҳақида хат олиб борилса, шундай тизим борлиги айтилиб, таклиф қилинади. Хоҳиши борлар, имконига қараб ё карта, ё нақд пул орқали тўлайди, баъзилар банкка бориб кейинроқ тўлайверади.

Йўл-йўлакай бир нечта хонадон вакилларини планшетда расмга олишга тўғри келди. Уларнинг ҳаммасида бир хил ҳолат — «Расмга олиш шартми?» дея норози оҳангдаги малолланишни кузатдик. Оқил ака буни шундай изоҳлайди:
«Янги тизимга одамларнинг кўникиши осон бўлмаслиги табиий. Деярли ҳар доим норозиликларга дуч келаман. Планшетда расмга олай десам, баъзилар юзини тўсиб олади, имзо қўйишини айтсам, бармоқларини босиб туради. Ручкада қўл қўйгандек қўясиз деб кўрсатаман, секин-секин ўрганиб олишади».
Оқил ака шунча йиллик тажрибасида бирор марта хатларни йўқотиб қўймаган. Аммо шунақа ҳолат содир бўлса, қуйидагича йўл тутади.

Идорадан чиқарида хатларни манзиллар кетма-кетлиги бўйича тахлаб олади, махсус дафтарига худди шу кетма-кетликда рўйхатга солиб чиқади. Кейин топширганларини дафтарига белгилаб кетаверади. Агар сумкасидан бирор хат чиқмасаю, дафтардаги рўйхатда турган бўлса, қайтганида идорадан излаб кўради. Топилмаса, дарҳол иш бошқарувчига айтади, у бўлса жўнатма келган жойга хат нусхасини қайта юборишлари, асли йўқолиб қолгани ҳақида хабар беради.
Ишининг асосий қисми жарималар тарқатишдан иборат бўлиб қолган Оқил акага одамларнинг муносабати қандай?
«Одатда ижобий. Қоидани бузибман, энди тўлайман-да, дейишади. Лекин шикоятлар ҳам учраб туради. Бировга хат олиб борсам, қўшнилари қандай хатлигини сўрашади. Мазмунини айтиш ҳуқуқим бор, жарима бўлса, жарима, қамоқхонадан бўлса, қамоқхонадан дейман. Яқинда бир одам “Ҳадеб жарима хати ташийверсангиз, сизни уриб ўлдиришади-ку!”, деб қолди. Барака топгур, айб биздамас, биз етказувчимиз, десам, ҳазиллашганини айтиб узр сўради.

3-4 кун олдин бир йигит «Бир ойда 20 та шунақа жарима хати олиб келибсиз, нега бизга кўп жўнатишади?», деб сўради. Бундай вазиятларда ортиқча савол ёки гап билан одамларнинг жаҳлларини чиқармасликка ҳаракат қиламан. Жўнатган тарафни ҳатто танимаслигим, конвертнинг ичини очишса, ўша ерда мурожаат учун рақамлар қўйилгани, боғланиб маълумот олишларини билдираман.

Уларни рағбатлантириб, кўнгилларини хотиржам қилиш мақсадида жарималарни вақтлироқ тўлашса, 30 фоиз чегирма бўлишини эслатиб ўтаман. Неча йилдан бери жарима хат ташиётган бўлсам, ҳали бирор марта келишмовчилик, одамлар томонидан ортиқча хатти-ҳаракатларга учрамадим. Лекин ҳамкасбларимда онда-сонда учраб қолади. Жарима олиб борса, ичиб олган ширакайфлар қаттиқроқ гапириб ҳам қолади», – дейди у.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Хатларни тарқатар экан, таниш йўловчилар Оқил акадан «Скутерингиз қани?», деб сўрашарди. У бўлса ҳаммага эринмай сабабини тушунтирарди. Яна қайсики хонадонга конверт олиб кирмасин, қандай хат бу деб эзмаланишар, у эса хабарсизлиги, ичини очиб ўзлари ўқиб кўришларини айтишдан чарчамасди.
«Одатда одамлар мени кўрса, савол бермай ўтмайди. Айниқса, скутер олганимдан бери бошқарилиши, қулайликлари ҳақида кўп сўрашаётганди. Яна хат, турли юклар жўнатиш истагидагилар қаерга мурожаат қилай ёки қамоқхоналарга нималар юборишим мумкин дейишади. Қамоқхоналарга ҳар уч ойда нарса жўната олишлари, икки хил вариантлари борлиги, ё 10 килогача озиқ-овқат, ёки икки килогача кийим-кечак жўнатиш мумкинлигини айтаман, хат юбориш истагидагиларга эса конвертларни ўзим олиб бориб беришга ҳаракат қиламан», – дейди у.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Оқил аканинг айтишича, касбининг қийинчилиги — кўп пиёда юриш кераклигида.

Айниқса, кўп қаватли уйларга чиқиб-тушиш осонмас. У почта тарқатадиган уйлар 5 қаватли бўлиб, лифти йўқ.

У фаолиятидаги энг қувончли палла пенсия тарқатган вақтлар бўлганини тан олади. Илгари ҳар ойнинг 2-дан 18-санасигача умумий ҳисобда 1000 кишига пенсия тарқатган. Кимгаки, пул берса, дуосиз чиқиб кетмаган.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
«Ҳар ой минг пенсионернинг “Барака топ, Аллонинг ўзи йўлдош бўлсин!” деган дуосини олардим. Шу эмасми, ишингдан роҳатланиш?! Мустақиллик эълон қилинган йили расман бирор ерда ишламаганларга ҳам пенсия бериш бошланди. Дўппи тикиб тирикчилик қиладиган бир аёлга пенсия олиб борсам, йиғлаб юборди ва Биринчи президент Ислом Каримовни “Ишламасак ҳам бизни эслабди, уни Аллоҳ эсласин”, деб узоқ дуо қилди», – дея эслайди почтальон.
У одамлар билан ишлаш осон эмаслигини таъкидлайди. Айниқса, пенсиясининг камлигини айтиб почтальонга шикоят қилишлар, ойнинг маълум санасида почтальон бормаса, алоқа бўлимига пул, хат сўраб келишлар кўп бўлган.
«Барака топгурлар, ўзим олиб бораман, пул ҳудудлар бўйича кетма-кетликда келади, бир вақтда ҳаммага беролмаймиз десам ҳам “вақтлироқ олишни яхши кўраман-да”, деб келиб олишарди. Қайсдир йили бир аёлнинг ўғли қамалиб қолди, у қамоқдан доимий хат ёзиб турарди. Орада хат келмай қолганди, ҳар ой хат элтадиган санада аёл “Ўғлимнинг хатини олгани келдим”, деб идорага бош суқарди. Хат келса, ўзимиз олиб боришимизни айтсак ҳам, билганидан қолмасди. Ширинсўз бўлмасак, уларни эшитмасак, кексаларни ранжитиб қўямиз. Шу сабаб доим хушмуомала бўлишимиз шарт», – дейди Оқил Икромов.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
У касбидаги янгиликларни тез ўзлаштириши, университетда ўқимаган бўлса-да, мактабда ҳарҳолда ёмон ўқимагани, илми ўзига етарли эканини таъкидлайди. Айниқса, тенгқурларининг лотин алифбосига мослашиши қийин бўлгани, ўзи эса мактабда немис тилини ўргангани учун бу алифбони тезда ўзлаштирганини фахрланиб айтади.
реклама
реклама
«Яқинда бир лўли аёлга хат келибди, олиб борсам, “ўқиб беринг, саводим йўқ” деди. Ичини очдим-да, ўқий бошладим. Қамоқдаги ўғли онасига атаб жуда таъсирли шеър ёзибди. Аёл эшитиб, йиғлади. Узоқларга қараб жим турди-да, кейин аста раҳмат айтди. Бундай ҳолатларга кўп дуч келаман. Асосан, қариялар кўзим ўтмайди ёки лотинингни тушунмайман, ўқиб беринг деб, илтимос қилишади. Одамларнинг оғирини енгил қилганимдан Аллоҳ шу касб билан сийлагани учун шукрлар айтаман», – дейди Оқил ака.
Ундан соҳангизнинг қайси томонларини ўзгартириш ёки бутунлай ислоҳ қилиш керак, десам, енгил кулги билан:
«Эҳ, бизнинг талабимиз кўп. Қанийди, хизмат машинамиз бўлса, скутерда почта тарқатиб, унинг мазасини тушуниб қолдик, машина бўлса, унданам қулай-да. Яна ойликларимиз ошса, деймиз. Бу фақат менинг эмас, барча ҳамкасбимнинг хоҳиши. 1 миллион 800 минг сўм маош оламан. Кўряпсиз, яёв юрамиз, у ҳам осонмас, яна ишга келиш-кетиш харажатлари, тушлик пули ҳам бор. Шунча ҳаракат, оилали одамга бу пул камлигини ўзингиз ҳам биласиз, нарх-навоям осмонга кўтариляпти. Шундай пайтлари катта-катта маош оладиганларга ҳавасингиз келади-да», – дея бироз хўрсиниб қўйди.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Сайёра Икромова Оқил Икромовнинг аёли, 60 ёшда. У 1989–1999-йиллари — ўн йил Шайхонтоҳур туманидаги 169-алоқа бўлимида почтальон бўлиб ишлаган. Сайёра опа иккинчи фарзандини дунёга келтириб, бола таътилига чиққанида почтальон қайнонасининг ўрнига обунаю, хатларни тарқатиб юрган. Қайнонаси пенсияга чиққандан кейин унинг ўрнига ишга жойлашган.
Сайёра Икромова
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Ўша пайтлари Икромовлар оиласи алоқа идораси жойлашган «Ҳувайдо» маҳалласида истиқомат қилган. Сайёра опа эрталаб бомдоддан кейин келган обуналарни ўзи қабул қилиб олган. Рўйхатга олиш, ҳужжатлаштириш ишларини тез бажариб, газета-журналларни уйига олиб кетган, уй ишларини ниҳоялаб болаларини ухлатгач, уларни тарқатиб келишга чиқиб кетган.

Обуначилар ўша вақтлари «Ғунча», «Ленин учқуни» (Кейинчалик «Тонг юлдузи»), «Саодат», «Работница» журналлари, «Постда», «Қалб кўзи», «Тошкент оқшоми», «Правда Востока» «Известие» газеталарига кўп обуна бўлишар, тонг отиши билан уларни қабул қилган Сайёра опа эса эгаларига етказгунигача ўқиб олишга ҳам улгурарди.

У ҳам почталарни яёв ташиган. Почтальонларнинг катта сумкаси ноқулай бўлганидан газета-журналларни қўлида тахлаб уч мартада тарқатиб чиққан. Баъзан болалари ухламаса, уларни ҳам еталаб юрган, болалар аравачасининг бир четига газета-журналларни қўйиб, тарқатиб чиққан. Болаларининг бўйи чўзилгач, унга ёрдамчи ҳам бўлишган.
Икромовлар оиласи.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
«Боши берк кўчалар чиққанда тез юришга қийналардим, болаларнинг қадами енгил, чопқиллаб бориб келишарди. Соҳамиздан икки ўғлимиз ҳам бохабар, ҳозир кичик бизнес билан шуғулланишади», – дейди Сайёра опа.
Обуна қилдириш учун ҳам одамларнинг уйига тез-тез бориб турган опа обуначиларнинг кўп бўлишини икки нарса билан боғлайди. Пенционерлар пенсиясидан, мактаб ўқувчилари эса мактабидан мажбурий обуна қилинган. Шунингдек, ўзи хоҳлаб обуна бўладиганлар ҳам учраб турган.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
«Ҳаммасидан ҳам пенсия тарқатишнинг масъулияти оғир. Бир марта бир хонадоннинг жавони тепасига 20 минг сўм пулни қўйибман-да, уларнинг пенсиясини бериб кетиб қолибман. Ҳисоб-китоб пайти камомад чиқди, тезда кўчага чопиб, ўша куни пенсия тарқатган ҳамма уйдан сўраб чиққанман. Ўша уйга кириб сўрагандим, келиб қоларсиз деб олиб қўйгандик-да дея пулни қўлимга тутқазишган. Иш танламасдим, нимани элтиш, ҳужжатларни тўлдириш керак бўлса, малолланмай қилардим, лекин кетишга мажбур бўлдим», – дея эслайди Сайёра опа.
Суҳбатдошимиз ишдан нега кетишга мажбур бўлганини эслашни хоҳламади, аммо ўша йиллари унинг турмуш ўртоғи Оқил Икромов ҳам бошқа алоқа бўлимига ишга жойлашган. Ўзи эса чинни ишлаб чиқаришда фаолиятини бошлаган. Бироқ у ерда меҳнат дафтарчасига стаж ёзилмагани учун бошқа иш қидирган.

«Кейин “Махсустранс”га ўтиб кетдим. Алоқа бўлимида ўрнимга одам олмасдан туриб мени кетказишганди, анча вақтгача ишчи тополмай ўзимни ёрдамга чақириб юришди, янги почтальонлар келганда уларга ўргатишимни ҳам сўрашди» – дейди Сайёра Икромова.
«Ўша даврлардаги энг ёқимли ҳолат маҳалладагиларнинг ҳурмати эди. Почта тарқатадиган ҳудудим деҳқонлар маҳалласи эди. Ҳар ойнинг маълум санасида пенсия тарқатишга борсам, бодрингми, шафтоли, ўрик, нима ҳосил йиғишса, менга ажратиб қўйишарди. “Анави челакда олхўри олиб қўйдим, эшикнинг тагида туради, ишингни битириб, индамай олиб кетавер”, дейишарди. Текинга беришарди, сотиб оламан десам, сира унашмасди. Ҳозир пенсия тарқатганларимнинг кўпи оламдан ўтган, аммо фарзанду неваралари ҳали ҳам учратишса, “Бувим, додамга пенсия олиб келардингиз, а?” деб эслашади», – дейди собиқ почтальон.
Икромовлар оиласи.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Почтальонлик фаолияти Оқил ака ва Сайёра опанинг ўзаро суҳбатларидаги муштарак мавзулардан. Оқил ака эндигина ишга кирганда кўп нарсани аёлидан ўрганган.

Почтальонлик опага яхши ҳисоб-китоб қилиш, тез қарор қабул қилиш, газета-журналларнинг доимий мутолаасга имкон берган. Маҳаллама-маҳалла юргани учун одамлар ундан келинликка номзодлар сўрашган. У эса фақат ишлашини айтиб, вазиятдан осон чиқиб кетишни маъқул кўрган. Таъкидлашича, почтальонлик аёллар учун ҳам яхши касб. Авваллари кўп почтальонлар аёллар бўлган. Талай уй юмушларини ҳам пенсия тарқатаётиб, кирган хонадонларидаги кекса аёллардан ўрганиб олган.
реклама
реклама
«Аёллар бир пиёла чой ичирмасдан чиқаришмасди. Бир хонадонга кирсам, олдимга беҳи мураббосидан қўйишди. Ранги жуда чиройли. Ўша пайтлари мурабболаримни ўхшатиб ёполмасдим. Сирини сўрасам, кўпроқ қайнатишни тавсия қилишди. Шундан кейин яхши мураббо қиладиган бўлдим. Мулоқотдан кўп нарса ўрганасиз. Айниқса, кексалардан. Муомалаю муросада ҳам яхшигина ўрнак бўлишади», дейди Сайёра Икромова.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Оқил Икромов 2021 йили «Мустақилликнинг 30 йиллиги» кўкрак нишони билан тақдирланган. Ишдан қайтганда неваралар даврасида кунини давом эттиради.
Икромовлар оиласи.
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
У почтальонлик касби йўқолиб кетмаслигига қаттиқ ишонади. Обуналар кўп бўлган, почтальоннинг қўли-қўлига тегмай ишлаган даврларни кўргани, ҳозир ҳам унга иш топилаётганини ишончига таянч деб билади. Қайд этишича, бугун иш сўраб келаётган ёшлар йўқ, маҳаллада у-бу ким сўраб туради онда-сонда, аммо ҳозирча ўзи ишлаётган алоқа бўлимида бўш иш ўрни топилмайди. «Худо куч-қувват бергунча почтальонлик қиламан. Ҳозирча бериб турибди, ўз йўлимда давом этавераман», – дея суҳбатни якунлади почтальон Оқил Икромов.


Материални Зиёда Рамазонова тайёрлади.
Фотосуратлар муаллифи: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг