Фарғона вилоятида гиёҳванд моддаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди, дея хабар бермоқда ДХХ.

ДХХнинг Фарғона бўйича бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида Фарғона шаҳрида яшовчи 1978 йилда туғилган, муқаддам гиёҳванд моддалари савдоси билан боғлиқ жиноят содир этгани учун судланган фуқаронинг яшаш хонадони ён атрофи кўздан кечирилганда, ерга кўмиб қўйилган 21 кг 579 гр гашиш моддаси борлиги аниқланди.

Маълум бўлишича, Тожикистонлик наркокурер томонидан контрабанда йўли билан олиб келинган ушбу гиёҳвандлик воситасини келгусида Тошкент шаҳри ва Фарғона водийси вилоятларида сотишни режалаштирди.

Шунингдек, мазкур шахснинг жиноий шеригини аниқлаш бўйича тезкор тадбир давом эттирилди ва Фарғона — Тошкент йўналишида ҳаракатланиб кетаётган Nexia автомашинаси Наманган вилоятининг Поп туманида тўхтатилди. Натижада Фарғона туманида истиқомат қилувчи, 1983 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги автомашина юкхонасида 2 кг 816 гр гашиш моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштирилди.

Бундан ташқари, Қўқон шаҳрида яшовчи 1989 йилда туғилган фуқаронинг хонадонида 4 кг 831 гр опий ва 995 гр гашиш моддалари борлиги маълум бўлди. Аниқланишича, бу гиёҳвандлик воситалари Қўқон шаҳрида яшовчи, 1997 йилда туғилган шахсга тегишли бўлиб, у Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келинган моддаларни Тошкент шаҳрида сотишни режалаштирилган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.