30 ноябрь Тошкент вақти билан соат 00:00 да B гуруҳидаги сўнгги тур учрашувларига старт берилди. Гуруҳдаги энг қизғин баҳс бўлиши кутилган Эрон — АҚШ қарама-қаршилигида америкаликларнинг қўли баланд келди — 0:1. Гуруҳда пешқадам бўлиб турган Англия терма жамоаси Уэлс билан учрашди ва 0:3 ҳисобида ғалаб қозонди. Гуруҳ босқичи якунига кўра, Эрон ва Уэлс терма жамоалари гуруҳдан чиқа олишмади.

Эрон — АҚШ 0:1

Эрон — АҚШ баҳси «Ал-Тумама» стадионида 42 127 нафар томошабин қаршисида бўлиб ўтди. Ўйин тенг курашлар остида ўтди ва АҚШ терма жамоаси битта муҳим гол эвазига ғалабани илиб кетди.

Ўйиндаги ягона гол 38-дақиқада «Челси» клуби футболчиси Кристиан Пулишич томонидан киритилди. Пулишичга пасни Сержиньо Дест узатган эди ва у ҳам ўз ҳисобига битта ассист ёздириб қўйди. Ҳакам томонидан 1-таймга қўшиб берилган дақиқаларда Тимоти Веа ҳисобни 0:2 кўринишига келтирган эди, аммо ҳужумда ўйиндан ташқари ҳолат аниқланди. Гол ҳисобга олинмади.


АҚШ терма жамоаси 2-таймда ҳам кўп хавфли ҳужумлар уюштирди. Баъзи вазиятларда эса эронликлар голга яқин келишган эди. Ҳакам 2-таймга 9 дақиқа вақт қўшиб берди, аммо ўйин 101-дақиқагача давом этди. Охирги дақиқаларда ҳакам эронликлар фойдасига пеналти белгилаши ҳам мумкин эди, аниқроғи Эрон терма жамоаси футболчиларилари ҳакамдан буни талаб қилишди. Меҳди Тареми жарима майдончаси ичида йиқилиб тушди. Аммо бу пеналти белгилаш учун тортадиган вазият эмас деб топди. Такрорий кадрларда ҳакамнинг қарори тўғри эканлигини кўриш мумкин. Ҳакамнинг ўйинни тугаганини англатувчи хуштаги чалинди. АҚШ терма жамоаси плей-оффда.


Америкаликлар 3 тур давомида 5 очко ишлаб олди ва гуруҳда 2-ўринни эгаллади. Энг АҚШ терма жамоаси плей-офф босқичида Нидерландия терма жамоаси (A гуруҳи пешқадами) билан тўқнаш келади.

Уэлс — Англия 0:3

Уэлс — Англия баҳси «Аҳмад бин Али» стадионида бўлиб ўтди ва учрашувни томоша қилиш учун стадионга 44 297 нафар мухлис ташриф буюрди. Англия учун ушбу баҳсда ғалаба қозониш гуруҳда 1-ўринни кафолатлаш учун муҳим эди.

Учрашувда уэлсликлар 4 марта зарба йўллашган бўлишса, англияликлар 13 марта зарба беришган ва шулардан Уэлсда биттаси, Англияда эса 7 таси дарвозага аниқ етиб борган. Аслида Англия янада каттароқ ҳисобда ютиши ҳам мумкин эди, бироқ инглизлар ҳар доимгидек кўп вазият яратиб, шундан қисмангина фойдалана олишди.


Англия терма жамоаси 1-таймда қанчалик голга яқин келмасин, учрашувдаги илк гол 2-таймда киритилди. 50-дақиқада Маркус Рэшфорд Уэлс дарвозасини ажойиб ва кучли зарба билан ишғол қилди — 0:1.

Иккинчи гол ҳам жуда тез киритилди. 52-дақиқада Харри Кейннинг ўзатмасидан сўнг Фил Фоден тўпни Уэлс дарвозасига жойлаб қўйди — 0:2. 68-дақиқада Рэшфорд яна катта саҳнага қайтди — у ушбу учрашувда дубль қайд этмоқда. Ҳисоб — 0:3.


Сал ўтиб Рэшфордда хет-трик қилиш учун ҳам қулай вазият бўлди, Беллингемда ҳам гол уриш учун ажойиб имконият бўлган эди, аммо иккала вазият ҳам гол билан якунланмади.

Ҳакам ўйинга 4 дақиқа вақт қўшиб берди. Англия терма жамоаси гуруҳдан 1-ўрин билан чиқмоқда. Энди уларни плей-офф босқичида Сенегал терма жамоаси кутиб турибди.

Эслатиб ўтамиз, плей-офф босқичи учрашувларига 3 декабр куни старт берилади.