Кредит ва депозитларнинг долларлашув даражаси жорий йил сентябрь ойининг охирида мос равишда 46 ва 38 фоизни ташкил этиб, юқорилигича сақланиб қолмоқда. Бу ҳақда Марказий банкнинг мамлакатни 2025 йилгача ривожланиш сценарийси тўғрисидаги шарҳида айтилади.

МБ маълумотларига кўра, долларлашув даражасининг юқорилиги нархларни барқарорлаштиришнинг пировард мақсадига эришишда олиб борилаётган пул-кредит сиёсатининг самарадорлигини пасайтиради.

Кредитларнинг долларлашув даражаси

Хусусий ва давлат улушига эга корхоналар томонидан хорижий валютадаги кредитларга талабнинг нисбатан юқорилиги, иқтисодиётни кредитлашда ташқи молиялаштириш манбалари улушининг устунлиги ва хеджирлаш воситаларининг йўқлиги кредитлар долларлашувининг юқори даражада сақланиб қолишига сабаб бўлмоқда.

Валюта курси ўзгаришларини ҳисобга олмаганда, кредитларнинг долларлашув даражаси сўнгги бир ярим йил давомида пасайиб бормоқда (2021 йил апрелдаги 43 фоиздан жорий йилнинг сентябрь ойида 39 фоизгача). Бу, асосан, нархларнинг глобал ўсиши ва инфляциявий хатарларнинг кучайишига жавобан жаҳон молия бозорларида фоиз ставкаларининг оширилиши натижасида банклар томонидан ташқи ресурсларни жалб қилишда маълум қийинчиликлар юзага келиши билан боғлиқ.

Шу билан бирга, ички депозитларнинг кредитларни молиялаштириш манбаи сифатидаги аҳамияти ортиб бормоқда. Хусусан, сўнгги 2 йилда депозитлар ўсиш суръатининг кредитлар ўсиш суръатига нисбатан юқори даражада шаклланаётганлиги кузатилмоқда. Бу ўз навбатида, банкларнинг ташқи хатарларга таъсирчанлигини пасайтиради, молиялаштириш манбаларининг диверсификациясини яхшилайди ва банкларнинг нисбатан барқарор ички ресурс базасига эга бўлишига хизмат қилади, деб қайд этилди регуляторда.

Депозитларнинг долларлашув даражаси

Олдинги даврларда валюта сиёсатидаги чекловлар, аҳолининг миллий валютага нисбатан ишончсизлиги, инфляциянинг нисбатан юқори даражаси, шунингдек, муқобил жамғарма инструментларининг камлиги банкларда депозитлар долларлашув даражасининг юқори бўлишига сабаб бўлган.

Сўнгги йилларда иқтисодиётда нисбатан юқори реал фоиз ставкаларининг таъминланиши, миллий валюта курсининг барқарорлиги ва миллий валютадаги депозитлар бўйича банклар томонидан таклиф этилаётган юқори фоиз ставкалари миллий валютадаги депозитларнинг кўпайишига хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, хорижий валютадаги депозитлар бўйича ўрнатилган нисбатан юқори мажбурий захира талаблари (хорижий валютадаги депозитлар учун 18 фоиз) ва бошқа чора-тадбирлар банк тизимида депозитлар долларлашувининг 2021 йил январдаги 45 фоиздан, жорий йилнинг сентябрь ойида 38,4 фоизгача пасайишига хизмат қилди.

Регулятор жисмоний шахсларнинг хорижий валютадаги депозитларининг валюта курсининг қисқа муддатли тебранишларига нисбатан юқори сезувчанлигини алоҳида қайд этди. Хусусан, жорий йилнинг I чорагида сўмнинг АҚШ долларига нисбатан 5,2 фоизга қадрсизланиши жисмоний шахслар депозитлари долларлашувини 34 фоиздан 37 фоизгача оширди. Бироқ, 2022 йил март ойида Марказий банк асосий ставкасининг 2 фоиз бандга ошириб, 17 фоиз даражада белгиланиши ва бунинг натижасида миллий валюта алмашув курси қадрининг ортиши фонида сентябрь ойида аҳоли депозитларининг долларлашуви 32,1 фоизгача пасайди.


Ўрта муддатли истиқболда миллий валютадаги депозитлар бўйича ижобий реал фоиз ставкаларининг сақланиб қолиши, валюта курсининг барқарорлиги, молиявий саводхонлик даражасини ошириш бўйича амалга оширилаётган чоралар ҳисобига депозитлар долларлашувининг қисқариши ва миллий валютадаги жамғармаларнинг банк тизимига кириб келиш ҳажмининг янада ошиб бориши кутилмоқда.

Валюта номутаносиблиги (currency mismatch)

Молиявий ва корпоратив секторларнинг ташқи қарзлари кўпайиши ҳисобига молиявий айланманинг ўсиши, шунингдек, валюта активлари ва мажбуриятлари тузилмасининг номутаносиблиги банк тизимида валюта риски концентрациясининг кучайишига олиб келади.

Жорий йилнинг II чораги якунларига кўра, тижорат банклари активлари ва мажбуриятларининг долларлашув даражаси мос равишда 49 ва 51 фоизни ташкил этмоқда. Ваҳоланки, бу кўрсаткични 2021 йилда 45% гача тушириш кўзда тутилган эди.

Очиқ валюта позицияси бўйича ўрнатилган лимитлар охирги 4 йил давомида тижорат банклари валюта талаблари ва мажбуриятларининг нисбатини мувозанатлашда муҳим ўрин тутди.

Шу билан бирга, банклар валютавий талабларининг асосий қисмини корпоратив секторга бўлган талаблар ташкил этади (жами валюта активларининг 40 фоизи атрофида). Ушбу секторни, валюта курсининг мумкин бўлган тебранишларидан тўлиқ ҳимояланмаганлиги, келгусида банк тизимида тўлов қобилияти ва ликвидлик бўйича хатарлар ошишига олиб келиши мумкин, дея огоҳлантирди МБ.

Ҳукуматнинг фискал консолидациялаш сиёсати билан бир вақтда хорижий кредит линиялари оқимининг пасайиши иқтисодиётда молиявий ресурслар танқислигини келтириб чиқариши мумкин, бу эса депозит базасини кенгайтириш ва банк тизимидаги давлат иштирокини камайтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни кучайтиришни талаб қилади.

Долларлашув даражасини камайтириш чоралари

Банклар томонидан жисмоний шахсларга хорижий валютада кредитлар ажратиш қонунан тақиқланган. Бундан ташқари, аҳолининг валюта курси ўзгаришига нисбатан сезувчанлиги юқори эканлиги сабабли ҳам уларга хорижий валютада кредитлар тақдим этилмайди.

Шунингдек, мажбурий захиралаш инструментидан ҳам долларлашув даражасини қисқартиришда фаол фойдаланилмоқда. Бунда, банклар томонидан хорижий валютадаги депозитлари бўйича шакллантириладиган мажбурий захираларга 18 фоизлик меъёр ўрнатилган. Шу билан бирга, мажбурий захиралаш базасига хорижий кредит линиялари ва банкларнинг бошқа кредиторлик қарзлари киритилмаганлиги сабабли ушбу инструментнинг кредитлар ва банк мажбуриятлари долларлашувини қисқартиришга таъсири нисбатан паст бўлиб қолмоқда.

Инфляцион таргетлаш режими чора-тадбирлари таъсирида ўрта муддатли истиқболда инфляция даражаси пасайиши билан Марказий банкнинг асосий ставкаси ҳам мос равишда пасайтириб борилади. Натижада, иқтисодиётда кредитлар бўйича фоиз ставкаларининг пасайиши ва унинг таъсирида кредитлар долларлашувининг қисқариши кутилмоқда.

Бундан ташқари, банкларга валютавий хатарларни бошқариш орқали хорижий валютада жалб қилинган ресурслар ҳисобидан миллий валютада кредитлар ажратиш имконини берувчи банклараро валюта фьючерслари бозори ташкил этилмоқда.

Банк тизимида долларлашув даражасини пасайтиришда пул-кредит ва макропруденциал сиёсат инструментларидан мувофиқликда фойдаланиш амалиёти ўрта муддатли истиқболда долларлашув даражасининг босқичма-босқич қисқариб боришига ва унинг натижасида пул-кредит сиёсати таъсирчанлигининг ошишига шароит яратади, деб ҳисоблайди Марказий банк.