29 ноябрь куни инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев Туркиянинг Akça Holding компанияси директорлар кенгаши аъзоси Аҳмет Билге Гўксан билан учрашди, деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

Учрашувда тўқимачилик саноати, қайта тикланувчи энергия манбалари, қишлоқ хўжалиги ва машинасозлик соҳаларида ҳамкорликни янада ривожлантиришни ва янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда икки томонлама муносабатларни фаоллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Туркия компанияси вакиллари Ўзбекистонда инвесторларнинг қулай фаолият юритиши учун яратилган шарт-шароитларни юқори баҳолаб, Наманган вилоятида тўқимачилик йўналишида 250 миллион долларлик инвестиция лойиҳасини амалга оширишга тайёр эканликларини билдирди.

АҚШ, Бразилия, Канада ва Европанинг бошқа мамлакатлар бозорларига мўлжалланган ип калава, момиқ сочиқ, уй текстиль маҳсулотлари, трикотаж, хом мато, бўялган мато ва бошқа тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга асосланган ушбу лойиҳа тўлиқ амалга оширилса, 12−15 мингта янги иш ўрни яратилади.

Учрашув якунида Ўзбекистон томони лойиҳани ҳаётга татбиқ этишнинг барча босқичларида, шунингдек, янги инвестиция ташаббусларини ишлаб чиқиш жараёнида ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

Маълумот учун: Akcha Holding Туркиядаги энг йирик компаниялардан бири бўлиб, унинг таркибида енгил саноат, энергетика, озиқ-овқат маҳсулотлари, турбодизель генераторлари ва моторлар ишлаб чиқариш соҳаларидаги корхоналар мавжуд. Ушбу компанияда 20 мингдан ортиқ ходим ишлайди.