Фарғона вилоятининг Фарғона туманида ДБҚ ходимлари ва ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда чегарадош маҳаллалардан бирида шубҳа остига олинган шахсга тегишли 2 та ёғоч қути кўздан кечирилди.

Натижада, махсус ясалган ва бўлмаларга ажратилган яшикларда қўшни давлатдан ноқонуний равишда олиб кирилган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган 32 бош олмахонлар борлиги аниқланди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Шунингдек, уларнинг иккитаси қониқарсиз шароитдан нобуд бўлгани маълум бўлди. Қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 30 млн сўмга баҳоланган ушбу жониворлар ҳозирда Фарғона ҳайвонот боғига топширилди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда, дейилади хабарда.

Аввалроқ, 30 август куни Миср давлатидан учиб келган фуқаро 56 та тимсоҳ боласини, 31 август куни эса Мисрдан келган бошқа фуқаролар пластмасса идишларда 10 та буқаламунни халқаро аэропортдаги божхонадан ўтказмоқчи бўлганди.

Шундан сўнг жониворлар Тошкент ҳайвонот боғига вақтинча топширилганди. Октябрь ойига келиб улардан 1 бош тимсоҳча ва 6 бош буқаламун нобуд бўлди. Божхона органлари ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатди.