Президентнинг 25 апрелда қабул қилинган «Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан Тошкент шаҳрининг кўп қаватли уй жойлашган маҳаллалар ҳудудида 170 та мини-поликлиника — маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилади, дея хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

«Тошкент тажрибаси» лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳрининг 12 та туманида 10 800 та кўп қаватли уй жойлашган маҳаллалар ҳудудида 170 та маҳалла тиббиёт пунктини барпо этиш ва 540 минг нафар аҳолига тиббий хизматни яқинлаштириш мақсад қилинган.

Зарур дори-дармонлар, керакли тиббий буюмлар, жумладан, ЭКГ ва кислород баллони каби ускуналар билан жиҳозланган, иккита койкали, соат 8:00 дан 20:00 гача ишловчи кундузги стационарга эга кичик шифохонада умумий амалиёт шифокори ва 2 нафар ҳамшира аҳолига мобиль тиббий хизмат кўрсатади.

«Мазкур лойиҳага Юнусобод тумани тажрибаси асос қилиб олинди. Туманнинг Собиробод маҳалласида ўрнатилган тиббий контейнерда иш олиб бораётган маҳалла тиббиёт пункти фаолиятини кўриб чиқдик. Аҳоли бу ташаббусдан миннатдор. Бу „мини-поликлиникада“ битта тиббий бригада фаолият олиб боряпти», — деди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Анвар Алимов.

Лойиҳа доирасида йил охирига қадар 40 та контейнер жиҳозланиб пойтахтдаги 12 та кўп тармоқли поликлиника ва 70 та оилавий поликлиника ихтиёрига топширилади. Улар пойтахтнинг аҳоли гавжум бўлган кўп қаватли уйлари ёнига ўрнатилиши мўлжалланган.

«Бундай маҳалла тиббиёт пунктлари диспансер назоратида турган қариялар, ҳомиладор аёллар ва болаларни тиббий кўрикдан ўтказишда умумий амалиёт шифокорига катта енгиллик беради. Ҳамшираларга шифокоролди тиббий кўриклар учун қулайлик яратади. Аҳолини эса оддий кўриклар учун ҳам поликлиникага қатнаш оворагарчиликларидан халос қилади», — дейилади хабарда.

Тошкент шаҳрида пилот тарзида амалга ошириладиган лойиҳа олти ойдан сўнг, натижалари таҳлил қилинган ҳолда мамлакатнинг бошқа ҳудудларига татбиқ этилади.