Қорақалпоғистонда 1−2 июль кунлари содир этилган оммавий тартибсизликлардан сўнг ҳуқуқ-тартибот органлари 516 киши қўлга олинганини маълум қилган эди. Бухоро вилоят судида Нукус воқеалари бўйича 28 ноябрь куни бошланган суд жараёнида эса 22 киши судланмоқда.

Шу муносабат билан, Қорақалпоғистонда юз берган ҳолат ва воқеаларни ўрганиш ҳамда улар юзасидан мустақил текширув ўтказиш бўйича комиссия (Мустақил комиссия)нинг қайд этишича, жамоатчиликда «қолган шахслар қаерда?» деган мазмунда саволлар юзага келмоқда.

Мустақил комиссиянинг маълум қилишича, «суд жараёнларида 22 нафар судланувчига оид жиноят иши кўриб чиқилаётган бўлса, қўлга олинганларнинг 107 нафари комиссия ташаббуси билан жамоат кафиллиги ва қамоқ эҳтиёт чораси инсонпарварлик тамойили асосида уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасига алмаштирилиши орқали ўз оиласи бағрига қайтарилган. Қолган шахслар (387 киши — „Газета.uz“ изоҳи) эса маъмурий жавобгарликка тортилган».

«Комиссия аъзоларининг маълум қилишича, суд жараёнлари қонунчиликка мувофиқ ўтказилмоқда», — дея қўшимча қилинган комиссия ахборотида.

Алишер Қодиров суд жараёнларида Мустақил комиссия аъзоси сифатида иштирок этмоқда. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz»

Аввалроқ суднинг биринчи куни ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашаркан, Мустақил комиссия аъзоси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари ва «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров «ҳақиқий суд жараёни»ни кўраётганини, «Жиноят-процессуал кодексида қандай ёзилган бўлса, нуқта-вергулигача амал қилинаётгани»ни таъкидлаган эди.

Суд жараёнининг иккинчи кунини «Газета.uz»нинг YouTube’даги канали орқали жонли эфирда томоша қилиш мумкин.