Қўшма Штатлар Бухорода июль ойида Қорақалпоғистонда содир бўлган фожиали воқеалар билан боғлиқ ҳаракатларда айбланаётган 22 нафар шахс устидан бошланган суд жараёнларини диққат билан кузатиб бормоқда. АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси бу ҳақдаги баёнотни эълон қилди.

«Биз ҳукуматни жамоатчиликка очиқликни таъминлаш бўйича ўз мажбуриятларини бажариш ҳамда куч ишлатар идоралар ходимлари Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини бузган бўлса, уларни ҳам жавобгарликка тортишга чақирамиз», — дейилади баёнотда.

Дипломатик миссияси АҚШ номидан, шунингдек, омбудсмен бошчилик қилаётган тергов комиссиясини ўз хулосаларини имкон қадар тезроқ эълон қилишга чақирди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ июлнинг дастлабки кунларида Нукусда содир бўлган фожиали ҳодисалар юзасидан муносабат билдирган эди. Давлат департаменти спикери Нед Прайс ўшанда АҚШ Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини таъкидлаб, ҳукуматни фундаментал инсоний ҳуқуқларни, жумладан тинч йиғилиш ва фикр билдириш эркинлигини ҳимоя қилишга чақирган эди.

«Биз расмийларни зўравонликлар бўйича халқаро меъёр ва илғор тажрибаларга мос келадиган тўлиқ, ишончли ва шаффоф тарзда тергов ўтказишга чақирамиз», — дея қайд этган эди Давлат департаменти вакили.

Ўшанда Евроиттифоқ ҳам «Қорақалпоғистондаги ҳодисаларни очиқ ва мустақил тергов қилишга чақирган эди. Европа Иттифоқи, шунингдек, президентнинг конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар бўйича тезкор муносабатини қайд этганди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўша кунларда барча тадбир иштирокчиларининг ҳаракатларига адолатли баҳо беришни топширганди. У агар куч тузилмалари томонидан нотўғри куч ишлатилган бўлса, жиноий жавобгарлик таъминланиши айтганди.

Эслатиб ўтамиз, 28 ноябрь, душанба куни Бухоро вилоят судида Нукусдаги июль воқеалари тўғрисидаги жиноят иши бўйича суд мажлиси бошланди.